Ўзбекистон | 00:46 / 11.02.2021
5168
4 дақиқада ўқилади

1,4 млрд сўмлик товарлар ҳужжатлардан «тушиб» қолди — божхона хабарлари

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маълумот берди.

Тошкент шаҳри божхоначилари «Тошкент-товар» ва «Чуқурсой техник-идора» божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда Наманган вилоятида фаолият юритувчи жамият номига хориждан келтирилган юк контейнерини кўздан кечирди.

Натижада, контейнерларда ҳужжатларда кўрсатилмаган, умумий қиймати 593 млн сўмлик 7 турдаги дори воситалари, тиббиёт буюмлари ҳамда хўжалик моллари борлиги аниқланди.

Навбатдаги ҳолатда эса «Чуқурсой» ТИФ божхона постида «қизил» йўлакка йўналтирилган товарлар тегишли ҳужжатлар асосида божхона кўригидан ўтказилганда, божхона юк декларациясида кўрсатилмаган 2 турдаги умумий қиймати 710 млн сўмлик хўжалик товарлари борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда эса, «Чуқурсой техник идора» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан Андижон вилоятида фаолият юритувчи жамият номига келтирилган юк контейнери божхона кўригидан ўтказилганда, йўл юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 61 млн сўмлик турли товарлар борлиги аниқланди.

Бу ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

«HOWO» операцияси фош этилди

Тошкент шаҳар божхоначилари ҳужжатларда 2020 йилда ишлаб чиқарилган дея кўрсатилган 4 дона юк ташувчи транспорт воситаларини экспертизадан ўтказди.

Натижада, мазкур транспорт воситалари 2020 йилда эмас, 2018 йилда ишлаб чиқарилгани ва божхона расмийлаштируви жараёнида «Товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига амалда олиб келиниши пайтигача божхона органларига дастлабки божхона декларациясини тақдим этиш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига зид равишда, божхона тўловларидан берилган имтиёзлар амал қилиш муддати тугагани сабабли божхона тўловларидан 3 млрд сўмлик имтиёзлардан нотўғри фойдаланилгани фош этилди.

Маълум бўлишича, мазкур транспорт воситалари 2018 йилда Ўзбекистонга олиб келиниб, 2020 йилнинг ноябрь ойига қадар «божхона омбори» божхона режимига расмийлаштирилиб, божхона назорати остида бўлган. Сўнгра транспорт воситасининг эгаси ташқи савдо шартномаси шартлари бажарилган бўлса-да, мазкур транспорт воситаларини «газ» ёнилғисида ҳаракатланадиган, 2020 йилда ишлаб чиқарилган бошқа транспорт воситаларига алмаштириши лозимлиги важини кўрсатиб, транспорт воситаларини «реэкспорт» божхона режимига расмийлаштирган ҳолда, республика ҳудудидан олиб чиқиб кетган ҳамда бироз муддатдан кейин транспорт воситаларининг ҳужжатларида ишлаб чиқарилган йилини «2020 йил» дея кўрсатиб, мамлакатга қайта олиб кириб, «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштириш учун божхона юк декларацияси ва бошқа ҳужжатларни тақдим этган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур транспорт воситаларининг қиймати 2 млрд 720 млн сўмни ташкил этмоқда.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Дроннинг парвози узоққа бормади

Навоий халқаро аэропортига хорижий авиарейс билан учиб келган фуқаро Э.О. «яшил» йўлак орқали ҳаракатланар экан, унинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди.

Ўрнатилган тартибда текширувдан ўтказилган ушбу шахснинг юклари орасида 1 дона учувчисиз учиш қурилмаси борлиги аниқланди ва вақтинча сақловга олинди.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги 322-сонли қарорига асосан, учувчисиз учиш аппаратларини республика ҳудудига олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланиш Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан амалга оширилади.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид