17:00 / 15.02.2021
8329

Марказий банк: Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларига босим сақланиб қолиши кутилмоқда

2020 йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сезиларли даражада ўсгани, мазкур нархларга босим келгуси чоракларда ҳам сақланиб қолиши кутилаётгани маълум қилинди.

Ўзбекистон Марказий банки 2020 йил IV чораги бўйича эълон қилган пул-кредит сиёсати шарҳида истеъмол нархлари индексига киритилган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, мазкур маҳсулотлар нархларининг ўсиши асосан аҳоли талабининг барқарорлиги ҳамда пандемия даврида карантин чекловлари туфайли таклиф омиллари камайиши билан изоҳланади.

Хусусан, мева ва сабзавотлар 11,9 фоизга (декабрда 7,3 фоизга), шу жумладан, мевалар 16,7 фоизга (декабрда 4,6 фоизга) ва картошка 42 фоизга (декабрда 3,2 фоизга) ўсди.

Гўшт нархи ўсиши

IV чоракда гўшт нархи ўртача 3,4 фоизга, йил давомида эса 18,1 фоизга ўсди. Маҳсулотнинг сезиларли даражада қимматлашувига август ойининг иккинчи ярмидан бошлаб карантин чекловлари юмшатилиши натижасида юзага чиққан кечиктирилган талаб, озуқа нархлари ошиши, қорамол ва гўшт импорти қисқариши каби омиллар сабаб бўлди.

Бундан ташқари, парранда гўшти нархлари кўтарилиши об-ҳавонинг пасайиб кетиши натижасида юзага келган электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар, айрим вилоятларда (Самарқанд ва Тошкент) парранда касалликлари тарқалиши ва ушбу маҳсулот ишлаб чиқарувчилари таклифининг қисқариши билан боғлиқ бўлди.

Юқоридаги омиллар, шунингдек, парранда озуқаси нархлари сезиларли ўсиши ва тухумга бўлган талабнинг мавсумий ошиши тухум нархининг 37,6 фоизга (IV чоракда 20,6 фоиз) ўсишига олиб келди.

Ўсимлик ёғи нархи ошиши

Нархлар сезиларли даражада ўсиши асосан сентябр-декабр ойларига тўғри келди. 2020 йилда жаҳон бозорларида ўсимлик ёғи нархи ўсиши кузатилди. Бу ўз навбатида ички бозорда кунгабоқар ёғи нархининг ошишига олиб келди. Хусусан, 2020 йил январ-декабр ойларида ёғ ва мой маҳсулотлари нархи ўртача 26,9 фоизга (IV чоракда 15,6 фоиз), шу жумладан, кунгабоқар ёғи 31,4 фоизга (IV чоракда 18 фоиз), пахта ёғи 32 фоизга (IV чоракда 21,1 фоиз) ўсди.

Жаҳон бозорида нархларнинг ўсиши ва таклифнинг қисқариши ҳисобига ички бозорда шакар нархининг йиллик ўсиши 21 фоизни (IV чоракда 14,8 фоиз) ташкил этди.

Мева ва сабзавотлар нархларидаги кўтарилиш

Мева ва сабзавотлар таркибида картошка нархи сезиларли ҳисса қўшди. Бу, асосан, 2020 йилда пандемия таъсирида аҳолининг мева-сабзавотларга, айниқса картошкага бўлган талабининг юқори бўлгани ва ёзги мавсумда бозорларда эски ва янги ҳосиллар ўртасидаги узилишлар натижасидаги таклифнинг қисқариши билан боғлиқ бўлди.

«Келгусида шунга ўхшаш мавсумий таъминот омилларининг нархларга салбий таъсирини камайтириш учун асосий эътиборни картошка уруғларини етиштириш, уларнинг яроқлик муддатини ошириш ва сақлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, хорижий давлатлар билан гўшт ва картошка етиштириш ва етказиб бериш бўйича келишувга эришишга қаратиш лозим», дейилади Марказий банк шарҳида.

Бундан ташқари, йил давомида дуккакли экинлар нархи 52,7 фоизга, ловия 36,2 фоизга, нўхат 27,6 фоизга, мош 25,6 фоизга, буғдой уни 14,8 фоизга ва гуруч 13,8 фоизга қимматлашди.

Прогнозларга кўра, келгуси чоракларда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари нархларига босим сақланиб қолиши кутилмоқда. Бунда етказиб бериш ва сақлаш самарадорлигини ошириш, шунингдек, мева-сабзавотлар захираларини яратиш ҳисобига мавсумий ўзгаришлар натижасида юзага келадиган нарх тебранишларига йўл қўймаслик муҳим ҳисобланади.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кўтарилиши

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари август-декабр ойларида нисбатан барқарор бўлиб, 2020 йил якуни бўйича йиллик 8,8 фоизни ташкил этди. Хусусан, йил давомида қурилиш материаллари 11,2 фоизга, дори-дармонлар 13,3 фоизга (IV чоракда 2,4 фоиз), шахсий гигиена воситалари 9,2 фоизга (IV чоракда 2,6 фоиз) ва тамаки маҳсулотлари 11,6 фоизга (IV чоракда 2,7 фоиз) қимматлади. Октябр-декабр ойларида автомобил ёнилғиси нархи ўтган ойларга нисбатан сезиларли даражада ошди.

Аввалроқ, Давлат статистика қўмитаси 2020 йилнинг январ-декабр ойларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўсиши кузатилган бўлса-да, озиқ-овқат маҳсулотларининг инфляцияси 15,3 фоизни ташкил этганини маълум қилган эди. Статистикада ўтган йил давомида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажми 260,3 триллион сўмни ташкил этгани ва 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоизга ўсгани қайд этилган. 

Top