19:16 / 17.02.2021
4358

Венгрия Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инвестициявий лойиҳаларда иштирок этиши мумкин – Виктор Орбан

2023 йилгача ҳар йили 100 нафар ўзбекистонлик талабаларга Венгрия университетларида имтиёзлар тақдим этилади.

16 феврал куни Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умрзоқов ўртасида учрашув ўтказилди.

Ўзбекистон – Венгрия савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 6-йиғилишида Венгрия бош вазири эпидемия даврида 650 минг дона ҳимоя ниқоби жўнатилишини ўз ичига олган инсонпарварлик ёрдами учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди. Шу билан бирга, Венгрия ҳукумати пандемия бошланганидан кейин ўзбекистонликларга уйларига қайтишида ёрдам кўрсатгани таъкидланди.

Мулоқот давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро алоқаларни кучайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

«Венгрия сув тақсимоти ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан самарали фойдаланиш лойиҳаларида, электр тармоқларини модернизация қилишда ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини яратиш каби қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инвестициявий лойиҳаларда иштирок этиши мумкин», деган Орбан.

Шунингдек, Венгрия бош вазири томонидан Ўзбекистон уран етказиб бериш бўйича дунёдаги еттинчи давлат экани ва атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш бўйича 50 йиллик тажрибага эгалиги таъкидланган.

Музокаралар давомида таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди ва Венгрия 2023 йилгача ҳар йили 100 нафар ўзбекистонлик талабаларга Венгрия университетларида имтиёзлар тақдим этилишини маълум қилган.

Top