23:21 / 22.02.2021
7139

Реабилитация ва мослаштириш марказларига бир ойда 800дан ортиқ фуқаро ёрдам сўраб мурожаат қилди

Президентнинг 2018 йил 2 июлдаги «Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари ташкил этилган эди. 2019 йилнинг август ойида илк бор шундай марказ ўз фаолиятини бошлади.

Республика реабилитация ва мослаштириш маркази директори ўринбосари Нигора Абдураҳимованинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, ҳозирда мазкур марказнинг бутун республика бўйича 184 та филиали мавжуд.

Бу марказларда ҳар куни хотин-қизларнинг турли масалалар бўйича мурожаатлари қабул қилинади.

Жумладан, 2021 йилнинг январь ойида марказ филиалларига жами 819 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар умумий сонининг 80 фоиздан ортиғи, яъни 724 таси аёллардан, 49 таси – эркаклардан, 46 таси – вояга етмаган шахслардан тушган.

Мурожаатларнинг асосий қисми – руҳий зўравонликдан бўлиб, жами 314 нафар фуқаро шундан азият чекканини билдирган.

Ушбу нодавлат-нотижорат марказларнинг асосий вазифаси – оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишдан иборат.

Мурожаат қилган шахсларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва зарур дори-дармонлар, вақтинча яшаш ва реабилитация қилиш учун бошпаналарда яшаш каби ижтимоий ёрдамлар ҳам кўрсатилади.

20 январь ҳолатига кўра, республика бўйича 122 нафар шахс вақтинча бошпаналарда яшаб турибди. Уларнинг 60 нафарини аёллар ва 62 нафарини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этмоқда.

«Марказларга республика бўйлаб ягона рақам – 1146 рақами орқали боғланиш мумкин. Марказ томонидан Najot иловаси ишлаб чиқилган бўлиб, илова орқали республикадаги барча шелтерлар ҳақида маълумот олиш ва уланиш мумкин.

Бу ерга ёрдам сўраб мурожаат қилганларни салбий ахборотлар, психологик ва жисмоний таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида жабрланган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинмайди», – дейди директор ўринбосари Нигора Абдураҳимова.

Top