17:28 / 27.02.2021
6977

«Ҳукумат журналистга шундай қиласан, бундай қиласан дейиши нотўғри» – Танзила Норбоева

Сенат раиси Танзила Норбоева ҳукумат журналистнинг фаолиятига аралашиши нотўғри экани, Ўзбекистон ҳукумати ҳам бундай қилиш ниятида эмаслигини маълум қилди. У бу ҳақда «Америка овози» мухбири Навбаҳор Имомовага берган интервьюсида тўхталиб ўтган.

Танзила Норбоева. Фото: YouTube/AmerikaOvozi

«Ҳукумат унга [журналистга] шундай қиласан, бундай қиласан дейиши нотўғри нарса. Ҳукумат бундай қилмоқчи ҳам эмас. Мен буни шу жараёнларнинг ичида юрган инсон сифатида айтяпманки, умуман бу тўғрисида гап-сўз ҳам йўқ. Қайтанга журналист ва блогерларнинг чиқишлари ўрганишлар учун асос сифатида қабул қилиниб, уларга тўлиқ реакция билдириляпти.

Масалан, мен ҳар куни давлат раҳбаридан у ёки бу масалада ижтимоий тармоқларда чиқарилган маълумотларни оламан. [Ушбу маълумотлар] «Эътибор беринг», деган резолюция билан келади. Яъни мен ижтимоий тармоқда кўтарилган масалага эътибор бериб, уни ўрганишим керак. Масалан, охирги ўрганганимиз – аёлларнинг мардикор бозорида тургани бўйича маълумотлар. Шу бўйича мен топшириқ олдим. Ўзим ҳам ўқийман бундай чиқишларни. Лекин бу нимадан далолат беряпти – ижтимоий тармоқлар ҳатто давлат раҳбари даражасида мониторинг қилиняпти, ўқиляпти ва тегишли чора кўриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар бериляпти. Мана шунинг ўзи эркинликка мисол бўла олмайдими?!» дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Интервью давомида Сенат раиси матбуот эркинлиги деганда нимани тасаввур қилиши, амалдорлар нима учун журналистлардан ўзини олиб қочиши, ошкоралик ва сўз эркинлигининг аҳамияти ҳақида мулоҳазаларини билдирган, кейинги пайтда очиқлик масаласида орқага кетиш кузатилаётгани ҳақидаги саволга жавоб қайтарган.

«Очиқлик, ошкоралик, ОАВ билан мулоқотга одатланилмагани учун балки бошланғич даврда давлат журналистлардан чўчигандир. Буни қўрқиш деб айтмаган бўлардим. Айрим амалдорларда тортиниш, нотўғри гапириб қўйишдан хавотирланиш ҳолатлари бўлган бўлиши мумкин, аммо ҳаммада ҳам эмас. Давлатимиз раҳбари: очиқлик-ошкоралик, журналистлар билан ишлаш – бу давр талаби, орқага йўл йўқ, деб айтдилар. Ошкоралик учун ҳеч ким ҳеч қандай тазйиқ ўтказишга ҳаққи йўқ, бундай бўлмайди ҳам. 

Очиқлик бу – реаллик. Айрим ҳолатларда очиқлик масаласида орқага кетиш бўлган бўлиши мумкин. Лекин бу ҳолатларни давлатнинг сиёсати деб билмаслик керак. Қаердадир бу борада орқага кетиш кузатилаётган бўлса, бу муайян мутасаддиларнинг қандайдир ҳаракатлари туфайли юз бераётган бўлиши мумкин. Буни давлатнинг ҳаракати деб қабул қилиш ҳолатлари бор, бу нотўғри. Давлатимизнинг бугунги кундаги ҳаракати очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, журналистлар, блогерлар, умуман, барча фуқароларга эркинлик беришга йўналтирилган. Мақсад: ҳаммани эшитиш, ҳамманинг дардини тинглаш, ҳаммага тегишли жавобларни бериш – бу давлатимизнинг асосий сиёсати», деди Танзила Норбоева.

Top