20:19 / 01.03.2021
26916

Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМнинг 40 фоизидан ошди

2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 23,3 млрд доллар эквивалентини ташкил этмоқда. Шундан 21,1 миллиарди – давлат ташқи қарзи. Давлат ташқи қарзи сўнгги 2 йил ичида 2 баробарга ошди.

Молия вазирлиги 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳини эълон қилди.

Ташқи қарз миқдори 21 миллиард доллардан ошди

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи (давлат қарзи) 23,3 миллиард доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 40,4 фоизни ташкил этди.

2020 йил якуни билан таққослаганда, давлат ташқи қарзи 5,4 миллиард долларга ёки йил бошига нисбатан 34,4 фоизга ошиб, 2021 йил 1 январь ҳолатига 21,1 миллиард долларга ёки ЯИМга нисбатан 36,5 фоизга етди.

Шундан республика номидан жалб қилинган ташқи қарз 15,1 миллиард долларни, давлат кафолатлаган ташқи қарз 6 миллиард долларни ташкил этди.

Давлат ички қарзи 23,3 триллион сўм (2,2 миллиард доллар) ёки ЯИМга нисбатан 3,9 фоизига тенг. Шундан 4 триллион сўм (0,4 миллиард доллар) – давлат қимматли қоғозлари, 19,3 триллион сўм (1,8 миллиард доллар) – давлат кафолатлаган ички қарз.

Давлат қарзи динамикаси

«Давлат қарзининг сўнгги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи (ЯИМга нисбатан - 40,4 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан - 36,5 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда», – дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистон учун давлат ташқи қарзининг хавфсиз даражаси ЯИМга нисбатан 60 фоиз деб ҳисобланади.

2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган.

«Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, 2020 йил давомида давлат ташқи қарзини жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 5,5 миллиард доллар миқдорида белгиланган.

2021 йил учун ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 миллиард доллар, шундан давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун – 2,2 миллиард доллар, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 3,3 миллиард доллар миқдорида белгиланган.

Давлат ташқи қарзи

Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзининг ҳажми 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 21,1 миллиард доллар ёки ЯИМга нисбатан 36,5 фоизни ташкил этди.

Бунда республика номидан жалб қилинган ташқи қарз 15,1 миллиард доллар эквиваленти ёки жами давлат ташқи қарзининг 71,4 фоизига тўғри келади. Шунингдек, мамлакат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз 6 миллиард доллар эквиваленти ёки давлат ташқи қарзининг 28,6 фоизини ташкил қилмоқда.

2020 йилда жами давлат ташқи қарзининг 17,5 фоизи ёки 3,7 миллиард доллар давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга сарфланди. Шунингдек, ўтган йили:

  • 2,6 млрд доллар энергетика соҳасига;
  • 2,9 млрд доллар электр-энергетика соҳасига;
  • 2,4 млрд доллар транспорт ва транспорт инфратузилмасига;
  • 2,3 млрд доллар уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига;
  • 1,7 млрд доллар суверен халқаро облигацияларга;
  • 1 млрд доллар кимё саноатига;
  • 0,7 млрд доллар таълим ва соғлиқни сақлашга;
  • 0,3 млрд доллар молиявий соҳага;
  • 0,2 млрд доллар коммуникацияларга;
  • 1,1 млрд доллар бошқа соҳаларга йўналтирилди.

Давлат ташқи қарзининг катта қисми узоқ муддатга ва имтиёзли фоиз ставкаларида олинган.

Давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 70 фоизи – доллар, 11,3 фоизи – япон иенаси, 9,5 фоизи – SDR (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 5,1 фоизи – евро, 4,1 фоизи – бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.

  • Молия вазирлиги ҳисоботи давлат қарзига оид бўлиб, ундан хусусий ташқи қарзлар ўрин олмаган. Хусусий ташқи қарз ҳақида Марказий банк сўнгги марта 2020 йил 1 октябр ҳолати бўйича маълумот берган, ўшанда хусусий сектор қарзи 10 миллиард доллардан ошгани маълум бўлганди.
  • Марказий банк Ўзбекистоннинг 2020 йил учун тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи кўрсаткичларининг ҳисоботини 2021 йил март ойида тақдим этади.
Top