22:17 / 03.03.2021
4994

Давлат тест маркази тестлар мазмунига аралашмайди – миллий сертификация тизимида тестлар тузилиши бўйича изоҳ берилди

 Давлат тест маркази Миллий тест тизимига тестларни тузишда иштирок этмайди. АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Давлат тест марказининг бу жараёнга аралашуви кузатилаётгани ҳақидаги саволга изоҳ берилди.

 Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов миллий тест тизимини тузиш Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекцияси зиммасига юклатилгани ва иш улар томонидан амалга оширилаётгани, лекин Давлат тест маркази биносидан фойдаланилаётганини маълум қилди.

«Нима сабабдан бундай қилиняпти? Чунки ДТМда махсус бино бор. Бу бинода тестларнинг ташқарига чиқиб кетишининг олдини олиш учун барча хавфсизлик чоралари кўрилган.

 Вазирлик ва инспекция томонидан билдирилган таклифга кўра, тест маркази улар учун фақатгина шароит яратиб беряпти. Лекин экспертларни бошқариш ва бошқа ҳамма ишлар шу икки ташкилот томонидан бажариляпти», деди ДТМ мутасаддиси.

Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Хўжақулов ҳам Давлат тест маркази тестларнинг мазмунига аралашмаслиги таъкидлаб ўтди.

 «Фақат бизга ёрдам бериляпти бино масаласида. Бу жараённи ташкил қилишда ДТМнинг ўзига яраша тажрибаси бор. Хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор бериш мақсадида марказ биносидан фойдаланиляпти, бу тестларни тузиш жараёнига улар аралашади дегани эмас», деди у.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсиновга кўра, бу бинодан фойдаланиш экспертлар томонидан таклиф қилинган. Лекин тестлар мазмуни ва экспертлар салоҳиятига Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекцияси жавобгар ҳисобланади.

Аввалроқ, Ўзбекистонда миллий тест тизимининг илк намуналари 3 март куни эълон қилинди, тест синовлари эса апрел ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилиши айтилган эди.

Top