Ўзбекистон | 11:16 / 24.01.2024
19174
6 дақиқада ўқилади

Турк тили сертификати учун имтиҳон натижаларидан баъзилар норози – БМБА изоҳ берди

Декабр ойида 4,5 минг талабгор турк тилидан сертификат олиш учун ҳужжат топширган. Агентликка кўра, натижалар ҳисоблаб бўлингач, уларни mygov.uz сайтига жойлаш жараёнида техник хатоликлар ўтгани айрим талабгорларда норозилик пайдо қилган. Шунингдек, агентлик чет тилини билиш даражасини баҳолаш мезонларини яқинда эълон қилди.

Фото: Shutterstock

2023 йилнинг 16-17 декабр кунлари чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича турк тилидан тест синовлари ўтказилган. Имтиҳон топширганларнинг баъзилари оғзаки ва ёзма имтиҳондан ўзларига қўйилган баллар адолатсиз эканини айтиб, Kun.uz’га мурожаат қилди.

Норозиликлар кўпайгач, таҳририят ҳолатга аниқлик киритиш учун Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили билан боғланди. Агентлик адолатсизлик бўлганини айтаётган иштирокчиларнинг ишларини таҳририят ходимлари ва холислик бўлиши учун ташқи эксперт ёрдамида қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

19 январ куни Kun.uz мухбирлари ва ташқи эксперт Hilol Edu ўқув маркази асосчиси, турк тили ўқитувчиси Ғуломжон Собиров билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги биносига ташриф буюрди. Агентлик вакиллари Kun.uzʼга мурожаат қилган 2 иштирокчининг оғзаки ва ёзма имтиҳон ишини тақдим қилди.

Бухоро вилоятидаги мактаб ўқитувчиси 16 декабр куни турк тилидан Б2 даража сертификатини олиш учун имтиҳон топширган. Унинг мурожаатида айтилишича, синовнинг гапириб бериш қисмида унга 30 баллдан 9 балл қўйилган.

Мен ўзим ҳам ўқитувчиман, шунинг учун қандай имтиҳон топшириб, гапириб берганимни ўзим биламан. Мен билан имтиҳон топширган бошқа бир иштирокчига гапириб бериш қисмидан 15 балл қўйилган. Ваҳоланки, у фақат саволларнинг ўзини ўқиб, жавоб бермай чиқиб кетганини айтди. Мен ўзимга қўйилган балл қайта кўриб чиқилишини хоҳлайман”, – дейилган мурожаатда.

Унга қўшимча қилиб, имтиҳоннинг гапириш қисмидан 15 балл олган ва ўзини бу баллдан камроғига лойиқ деб ўйлаётган иштирокчи ҳам видеомурожаат йўллаган.

16 декабр куни турк тили имтиҳонининг гапириш қисмида қатнашгандим. Имтиҳонда менга берилган саволларни ўқиб чиқиб кетган эдим, яъни жавоб бермагандим. Нега менга 15 балл қўйишганига ҳайронман”, – деган у.

Агентлик вакиллари биринчи мурожаатчининг имтиҳон топшириш жараёнида ёзиб олинган аудиоларини тақдим қилди. Аудиони ташқи эксперт Ғуломжон Собиров баҳолаб, шундай деди:

Бу аудиода гап қурилиши, талаффузи ўзбекча билан аралашиб кетган. Сўзлар талаффузида, А1, А2 даражадаги грамматик қоидалар бузиб юборилган. Иштирокчи ўзига яхши гапирган каби бўлиб кўринган бўлиши мумкин, лекин ҳаттоки турк тилидаги унлиларни бир-бирига мослашиши қоидасини унутган. Мен бу жавобга Б2 даража учун 10 баллдан юқори бера олмайман”, – деди у.

Кейин иккинчи мурожаатчининг оғзаки жавоблари эшитилди. Унда ҳақиқатдан ҳам мурожаатчи ўзи айтганидек, бирор саволга жавоб беролмаган.

Мен бунга қандай балл қўйишни ҳам билмайман. Лекин бу аниқ 15 баллга лойиқ эмас”, – деди ташқи эксперт Собиров.

Иккинчи мурожаат бўйича хато балл қўйилганини агентлик вакиллари ҳам тан олишди.

Бизда 2 нафар эксперт бўлади. Иккиси ҳам кимнинг гапириш имтиҳонини текшираётганини билмайди. Яъни аноним тарзда штрих код билан берилади. Шу экспертлардан бири юқорироқ балл қўйган бўлса керак”, – деди агентлик мутахассиси Зоҳидбек Шакаров.

Шуни қўшимча қилиш керакки, юқоридаги 2 талабгорнинг ёзма иши ҳам биргаликда текширилди. Уларни баҳолаган ташқи эксперт Ғуломжон Собиров ёзма ишларга агентлик мутахассислари қўйганидан юқори балл беролмаслигини маълум қилди.

Бундан ташқари, жавоблар эълон қилингач, айримларнинг балларида 4 хонали рақамлар пайдо бўлган. Бироқ имтиҳонда бериладиган максимал балл ҳам 3 хоналидан ошмайди.

Масалан, айримларда 1844 рақами пайдо бўлгани ҳақида расмлар тарқалди. Аслида бу ерда 18.44 бўлиши керак эди, яъни битта нуқта тушиб қолган. Бунга сабаб биз маълумотларни mygov.uz’га тўлиқ юклаб бўлмасимиздан иштирокчилар ўз баллини кўришга шошилган. Яъни сайтда ҳали техник ишлар якунланмаган ва биз жавоблар эълон қилинди деб хабар бермагандик. Хатолар тузатилиши учун вақт керак. Биз ҳамма жараённи, камчиликларни бартараф этиб, кейин эълон берамиз. Ҳозир кирсангиз, бу хато тузатилган”, – деди агентликнинг чет тилларни билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Жавлонбек Нурматов.

Маълум қилинишича, декабрдаги турк тили имтиҳонларида 4.5 минг талабгор ҳужжат топшириб, имтиҳонда қатнашган. Бу рақам агентлик кутганидан анча кўп.

Шунинг учун ҳамма натижаларни жойлашимиз вақт олади. Талабгорлар жуда кўп. Ҳаммасига улгуришимиз қийин бўлади. Қолаверса жавобларни 1 ҳафта ичида эълон қиляпмиз. Тестларни текшириш учун бу вақт кам. Чунки биз бошқа чет тиллардан имтиҳонларни ўтказамиз”, – деди масъуллар.

Шуни таъкидлаш жоизки, имтиҳонлар ўтказилганда турк тилидан баҳолаш мезонлари эълон қилинмаганди. Яъни имтиҳон топширишни режа қилган талабгор қайси мезонлар асосида тайёрланишни билмайди. Айнан шу сабабдан ҳам юқоридаги каби муаммолар ва тушунмовчиликлар кузатилган. Агар талабгорлар ўзларини қандай мезонлар асосида баҳоланишларини билсалар, шунга қараб тайёрланиб, ўзларининг билимларига етарли баҳони бера олишлари мумкин.

Бизда баҳолаш мезонлари бор, ишлаб чиқилган. Экспертларимиз ҳам шу асосида талабгорга балл қўйяпти. Шу пайтгача нега мезонлар эълон қилинмади деган саволингиз ўринли. Баҳолаш мезонлари мураккаб бўлгани учун бу бўйича тушунмовчиликлар бўлиши мумкин деб ҳисоблагандик. Лекин яқин орада баҳолаш мезонлари Telegram-каналимиз ва сайтимизда эълон қилинади”, – деди агентликнинг чет тилларни билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Жавлонбек Нурматов.

Маълумот учун, агентлик чет тилларини баҳолаш бўйича мезонларни яқинда эълон қилди. Буни ушбу ҳавола орқали кўриш мумкин.

Мавзуга оид