19:46 / 05.03.2021
9591

13 марта қоида бузгани учун 8,6 млн сўм жаримага тортилган ҳайдовчининг машинаси хатланди

13 та қоидабузарлик учун 8 млн 697 минг сўм миқдорида жарима ҳисобланган.

«Мажбурий ижро бюросининг Мирзо Улуғбек туман бўлими иш юритувига Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан қоидабузардан давлат фойдасига маъмурий жарималарни ундириш тўғрисида ижро ҳужжатлари келиб тушган. Давлат ижрочилари томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши юритиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарздорга 10 кунлик ихтиёрий муддат берилган. Қарор нусхаси тарафларга почта алоқа бўлими орқали юборилган.

Бироқ ҳайдовчи бир неча марта огоҳлантирилганига қарамай, 8 млн 697 минг сўмлик қарзини тўламаган. Бу ҳаракатини оқлайдиган бирор узрли сабаб келтира олмаган. Аксинча, у ижро ҳаракатларини бажариши учун давлат ижрочисига қаршилик кўрсатиб келган. Шу сабабли бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан қонуннинг 82-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн беш баробари миқдорида жарима тайинланган», – дея МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

МИБ вакили ҳайдовчининг қандай турдаги қоидабузарликни содир этганига аниқлик кирита олмади ва буни ижро ҳужжатларида бундай маълумот бўлмаслиги билан изоҳлади.

Қайд этилишича, жарималар ундирилишини таъминлаш мақсадида ҳайдовчининг номидаги «SPARK» автотранспорт воситаси хатланиб, жарима майдончасига топширилган.

Фаррух Тошпўлатовга кўра, агар қарздор жаримани ихтиёрий равишда тўламаган тақдирда ундирув ҳаракатлари унинг иш ҳақига қаратилади. Борди-ю у ҳеч қаерда ишламаса, мазкур ҳолатда бошқа мол-мулклари ҳам хатланади. Таъкидланишича, юқоридаги жараёнлардан кейин ҳам жаримани ундиришнинг имкони бўлмаса, автомашина электрон савдо майдончасига қўйилиб сотилиши ва сотувдан тушган пул ундирувга қаратилиши мумкин.

Top