15:36 / 12.03.2021
17397

Миришкор ҳокимлигида Миллий гвардия журналист фаолиятига тўсқинлик қилди. Камералар ёқилгач, тўсиқ олинди

Аҳолидан тушган мурожаатни ўрганиб, ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Миришкор тумани ҳокимлигига борган Kun.uz мухбири ҳокимлик биносига киритилмади. Бу ҳокимлик раҳбариятининг ташаббусими ёки Миллий гвардия ходимларининг?

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Жейнов шаҳарчасида жойлашган шифохона ходимлари Kun.uz'га мурожаат қилиб, муассаса ҳудуди қоидаларга зид тарзда аукционга қўйилиб, сотиб юборилаётганидан арз қилди.

Биз Жейнов шифохонасида ишчи-ходимларнинг муддаоларини эшитгач, Миришкор тумани мутасаддиларининг ҳам муносабатини олиш мақсадида ҳокимликда бўлдик. Айни вақтда туман ҳокимлиги биносига фуқароларнинг кириб-чиқиши юзасидан янгича тартиб ўрнатилибди.

Ҳокимлик биносига киришда уч нафар Миллий гвардия ходими турибди.

Одатда ҳукумат даражасидаги йиғилишларда телефон ва умуман ёзиш мумкин бўлган бирорта аппаратлардан фойдаланишга рухсат берилмайди. Миллий гвардия ходимлари одатда мана шундай йиғинлар ўтказилаётган кунлари залга телефон билан киришингизга (ўшанда ҳам ҳокимлик биносига эмас) монелик қилишади.

Ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарини сўратдик. Ташқарида 10-15 дақиқа кутдик, ҳоким ўринбасари Бекзод Арзиев чиқди. Ўзининг янги эканини айтиб, масала юзасидан саволларимизга тегишли мутахассис жавоб бериши мумкинлигини билдирди. У айтган ходим эса қўлимиздаги фотоаппарат ва микрофонни кўриб, Kun.uz'га интервью бермаслигини айтди.

Биз мутахассисга ўз раҳбари бизга у изоҳ беришини айтганини тушунтиришга уриндик. Фойдаси бўлмагач, яна Арзиев ёки саволларимизга жавоб беришдан қочмайдиган бошқа ходим билан учрашишга ҳаракат қилдик.

«Ҳокимият ҳуқуқшуноси сизларни хонасида қабул қилади», дейишди.

Миллий гвардия ходимлари эса биздан телефонларни ташқарида қолдириб киришимизни талаб қила бошлади. Телефон, фотоаппарат бизнинг иш қуролимиз эканини тушунтирсак-да, улар топшириқ шундай бўлган, деб туриб олишди.

Биз ичкарига телефон билан кира олмас эканмиз, унда ҳуқуқшуноснинг ўзи пастга тушсин, ташқарида бўлса ҳам муносабатини ёзиб олаверамиз, дедик. Юристнинг кекса одамлиги, пастга тушишни талаб қилиш нодуруст эканини айтишди.

Тан олиш керак, бирор бир ҳокимият биносига киришда бундай муносабатни кўрмаганимиз сабабли, ҳолатни тасвирга ола бошладик. Миришкор тумани ҳокимлиги биносига киришда жорий қилинган қоидаларнинг нечоғлик мантиқсиз экани ҳақидаги муносабатимизни репортаж тарзда ёритмоқчи бўлдик.

Очиғи, бизнинг хатти-ҳаракатимиздан кейинги вазият кулгули тус олди. Бир муддат олдин тартиб-қоида, хизматчиликни пеш қилиб турган Миллий гвардия ходимлари бинога кириш тўсиқларини олиб ташлади. Рамзий маънода журналист учун ҳокимиятга кириш эшиклари очилди.

Табиий савол. Миллий гвардия нега дастлаб телефон билан киришга монелик қилди-ю, камералар тасвирга ола бошлагач, принципидан қайтди? Уларнинг биринчи ҳаракати қонунга зидмиди ёки иккинчиси?

Дарвоқе, Kun.uz ҳолатни тасвирга ола бошлагач, ҳокимият юристи ҳам тушиб келди. Биз Жейновдаги шифохонага доир саволларимизни бердик ва айни вақтда у билан боғлиқ суриштирувимиз давом этмоқда.

Миришкор тумани ҳокимлиги биносига киришда ўрнатилган тартиб-қоидалар ва Миллий гвардия ходимларининг хатти-ҳаракатлари юқори ташкилотлар томонидан ўрганиб кўрилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири

Top