Қашқадарёда балиқ овлагани борган фуқаро чўкиб кетди
Марҳумнинг жасади сув ҳавзасидан уч кундан сўнг топилган

Фото: Kun.uz
Қашқадарё вилояти Миришкор туманида сув ҳавзасиига балиқ ушлаш учун борган фуқаро чўкиб кетган. Ҳодиса 7 октябр куни содир бўлган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Қайд этилишича, 2023 йил 7 октябр куни Косон туманида яшовчи фуқаро З.Т. шериги О.Т. билан бирга Миришкор тумани Помуқ қишлоғида жойлашган Сечанкўл сунъий сув ҳавзасига балиқ овлаш учун борган ва эҳтиётсизлик оқибатида сувга чўкиб кетиб, вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Орадан уч кун ўтиб, 10 октябр куни вилоят ФВБ тезкор ходимлари томонидан фуқаронинг жасади Сечанкўл сунъий сув ҳавзасидан топилган. Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.