13:03 / 13.03.2021
5110

Тошкент вилоятида 1 млрд сўмлик гиёҳванд ва психотроп дори воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Тошкент вилоятида ўтказилаётган «Зарбдор ойлик» доирасида тезкор ходимлар тахминий нархи 1 млрд сўмлик гиёҳванд ва психотроп дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйди. Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

2021 йил 3 март куни Тошкент тумани ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида, Тошкент тумани “Бунёдкор” МФЙда яшовчи, 1984 йилда туғилган М.К. ва унинг шериги, 1988 йилда туғилган Л.А. назоратдаги аризачига 15та конвалютадаги жами 150 дона “Трамадол” таблеткаларини 300 минг сўмга сотаётган вақтида ушланди.

Ушланган шахслар билан ўтказилган суҳбат давомида, дорилар “Маъмурхон” исмли шахсдан олингани аниқланди ва тадбир давом эттирилди. Тошкент туманида яшовчи М.З. ҳам 43та конвалютадаги жами 430 дона “Трамадол” ва 33 дона “Тропикомид” таблеткаларини шартли харидорга сотаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди.

Мазкур дори воситаси асосий манбасини аниқлаш ва жиноятга бутунлай чек қўйиш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилган. Олинган маълумотга асосан, Тошкент тумани “Олтинтепа” МФЙда яшовчи, 1894 йилда туғилган А.Ж.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилган. Кўздан кечириш давомида 5 789 дона “Трамадол” ва 8 640 дона “Селофен” кучли таъсир қилувчи психотроп дори воситалари сақлаётгани аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Тошкент тумани ИИБ тезкор ходимлар томонидан ўтказилган тадбир натижасида, тахминий бозор нархи 1 млрд сўмга тенг бўлган жами 6 239 дона “Трамадол” дори воситаси ва 8 640 дона “Селофен” ҳамда 33 дона “Тропикомид” кучли таъсир қилувчи психотроп дорилар далилий ашё сифатида олиниб, беш нафар шахс ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, юқорида қайд этилган шахслар процессуал тартибида ушланган.

Top