17:24 / 14.03.2021
62640

Қирғизистон Сўх йўлини очишга, Ўзбекистон эса Унгартепани беришга тайёр — Галина Байтерек

Қирғизистон Сўх тумани билан авиаалоқани очишга, ўз навбатида Ўзбекистон низоли ҳудуд – Унгартепага бўлган даъвосидан воз кечишга тайёр, деб баёнот берди Қирғизистон президентининг матбуот котиби.

Фото: АКИpress

Қирғизистон президентининг матбуот котиби Галина Байтерек президент Садир Жапаровнинг Тошкентга ташрифи якунлари юзасидан баёнот берди.

Қирғизистон президентининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда бир нечта масалалар қатори давлат чегаралари юзасидан ҳам тўхталиб ўтилган.

«Томонлар давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини келгуси уч ой ичида якунлаш керак деган фикрга келдилар. Давлат чегараларининг ҳуқуқий расмийлаштируви чегараолди ҳудудларидаги барқарорликни мустаҳкамлайди, икки томонлама алоқалар ривожига янги туртки беради», – деди Байтерек.

Унинг сўзларига кўра, тез орада икки давлат ўртасидаги 7 та назорат-ўтказиш пункти фаолияти тикланади: «Ўзбекистон томони юк ташиш масаласини ҳал қилишга ва зарурат бўлганда, [бу НЎПларни] ҳужжатларни сканерлаш учун махсус техникалар билан таъминлашга ваъда берди».

«Қирғизистон томони ўзбек анклави Сўх билан авиаалоқани очишга тайёр. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ҳозирги вақтга қадар чегараолди ҳудудлар аҳолиси ўртасида зиддиятларга сабаб бўлган низоли ҳудуд – Унгартепага ортиқ даъво қилмасликка тайёр», – дейилади Қирғизистон президенти матбуот котибининг расмий баёнотида.

Баёнот эълон қилингач, маълум вақт ўтиб ўчирилди ва айрим ўзгаришлар билан қайта эълон қилинди. Расмий ахборотнинг дастлаб эълон қилинган талқинида юқоридаги хатбоши қуйидагича мазмунда эди:

«Қирғизистон томони ўзбек анклави Сўх билан транспорт ва авиаалоқани очишга тайёр. Анклав аҳолиси давлат чегараси орқали эркин ҳаракатланиши мумкин бўлади. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ҳозирги вақтга қадар чегараолди ҳудудлар аҳолиси ўртасида зиддиятлар ва сиёсий тарангликка сабаб бўлиб келган Унгартепани беришга тайёр».

Галина Байтерекнинг қайд этишича, чегараларни делимитация қилиш бўйича бошқа баҳсли масалаларни қўшма комиссия ҳал этади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги музокаралардан сўнг икки давлат раҳбарлари журналистлар билан учрашган ва унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чегара масалалари бўйича 3 ойда бир тўхтамга келинишини айтганди.

«Биз чегара бўйича муносабатларимиз тарихида биринчи марта жуда қаттиқ ва аниқ келишиб олдик: ким қилиши керак, қачон қилишлари керак. Бу халқларимиз [ечимини] кутаётган жуда нозик муаммо. Ва биз Садир Нургожоевич билан ҳар бир чегара масаласи бўйича чегараларни аниқ тавсифлашга келишиб олдик: ким қилади, қачон қилади. Биз ҳаттоки муддатларини ҳам аниқлаб олдик – уч ой ичида», – деганди Мирзиёев.

Маълумот учун, Ўзбекистон Қирғизистон билан умумий чегарасини 1476,12 км деб ҳисоблайди. 2019 йилда Қирғизистон билан чегараларни белгилаш бўйича тахминан 60 километрга яқин масофани ўз ичига олган 7 та участка қолгани айтилганди.

  • 2016 йил август ойи ўрталарида Жалолобод вилоятидаги Ўртатўқай (Косонсой) сув омбори яқинида Ўзбекистон ички ишлар ходими қўлга олинган. Бунга жавобан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари низоли ҳудудга вертолётда кириб бориб, у ердаги радиореле станциясининг қирғизистонлик тўрт ишчисини олиб кетган.
  • Тошкент ўзбек милиционерини қўйиб юборишни ва сув омбори яқинидаги постларни олиб ташлашни талаб қилган. Қирғизлар Ўзбекистон милицияси ходимини жаримага тортиб, 23 августда қўйиб юборган, шунингдек, Унгартепага қўшимча ҳарбий куч жойлаштирган. Чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланган Қирғизистон фуқаролари эса 9 сентябрда озод этилган.
Top