18:34 / 16.03.2021
13102

Давлат мулки ҳисобланган метан «заправка» ва сервис марказлари сотувга чиқарилмоқда

Давлат мулки сифатида сотиладиган 20 та кўчмас мулк объекти электрон савдога чиқарилиши маълум қилинди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Автогазтаъминот» МЧЖнинг давлат мулки сифатида сотиладиган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчалари, сервислар ва бошқа 20та кўчмас мулк объектини электрон савдога чиқармоқда.

Агентлик хабарига кўра, тадбиркорлар учун тайёр бизнес шаклида таклиф этилаётган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг 8 тасида сиқилган табиий газни сотиш фаолиятини амалга ошириш бўйича лицензия мавжуд.

«Харидор лицензия талабларига жавоб берса, ушбу ҳужжат белгиланган тартибда унинг номига расмийлаштирилади», дейилади маълумотда.

Айни пайтда фаолият олиб бораётган Фарғона вилоятидаги автотранспорт воситаларига сиқилган газ қуйиш шохобчаси 3,6 миллиард сўмга, Қорақалпоғистондаги автотранспорт воситаларига сиқилган газ баллонларини ўрнатиш сервис маркази 4,2 миллиард сўмга бошланғич нарх билан савдога чиқарилиши кутилмоқда.

Агентликнинг маълум қилишича, Бухоро, Қашқадарё, Қарши, Навоий, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган қурилиши давом этаётган газ қуйиш шохобчалари, сервис марказлари ва бошқа кўчмас мулклар инвесторларга таклиф этилади.

Эслатилишича, савдолар Ўзбекистон президентининг «Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида олиб борилади.  

Мазкур мулкларни сотиб олиш тўловлари 90 кун давомида тўланиши лозим. Агарда тўловлар бир ой ичида тўлиқ амалга оширилса, Марказий банкнинг йиллик қайта молиялаштириш ставкасига тенг миқдорда чегирма берилади.

Top