Ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетган пайтда аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида дастлаб пойтахтдаги, сўнгра бошқа ҳудудлардаги метан-шохобчалар фаолияти вақтинча тўхтатилганди. Бундан ташқари, баҳоргача давлат идораларига қарашли автомобилларга сиқилган газ қуйиш тақиқланган, улар бензинга ўтказилиши маълум қилинганди.

Энергетика инқирози шароитида киритилган чекловлар таъсирини юмшатиш мақсадида АИ-80 бензини импорти ва реализацияси 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартгача акциз солиғидан озод қилинди. Шу билан бирга, нефть ва газ конденсати ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар қазиб олувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарувчиларга фақат биржа орқали сотилишига оид тартиб бекор қилинди.

Бунинг натижасида 13 декабр, сешанбадан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида АИ-80 бензини нархи 6800 сўмдан 5700 сўмга туширилди. Бензин арзонлашгани пойтахтдаги шохобчаларда турнақатор навбатларни юзага келтирди.

Kun.uz’га интервью берган ҳайдовчилар нархлар арзонлашганини олқишлаш баробарида фақатгина “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида АИ-80 бензини 5700 сўмдан сотилаётгани, қолган “заправка”ларда нарх аввалги ҳолида қолаётгани, бу эса узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлишига олиб келаётганини айтишмоқда.

Интернетдаги хабарларга кўра, пойтахтдаги бошқа шохобчаларда АИ-80 маркали бензин 6500 сўмдан 7500 сўмгача сотилмоқда.