19:00 / 16.03.2021
5239

Истеъмол бозорини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга оид ҳукумат қарори қабул қилинди

Картошка экиладиган майдонлар ҳажми камида 10 фоизга оширилади. Шунингдек, 78 минг тонна ўсимлик ёғи, 40 минг тонна гўшт импорт қилинади.

«Ички истеъмол бозорини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йилда асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ички ресурслар ҳисобидан таъминлаш даражаси оширилади.

Шунингдек, ҳудудлар кесимида асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмлари тасдиқланди.

Қарорда республика бўйича жами 2 миллион 449 минг 108 тонна картошка, 227 минг 222 тонна гуруч, 1 миллион 584 минг 863 тонна гўшт, 8 триллион 124 миллиард 595 минг дона тухум ишлаб чиқариш белгиланган.

Шунингдек, 78 минг тонна ўсимлик ёғи, 64 минг тонна шакар, 300 минг тонна картошка, 40 минг тонна гўшт импорт асосида келтирилиши назарда тутилган.

Ҳар йили экиб келинаётган картошка майдонларидан камида 10 фоизга кўп, жами 87 минг гектардан кам бўлмаган майдонларга картошка экилиши учун уруғлик захираси яратилади.

Четдан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари келтириш мақсадлари учун тижорат банклари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга айланма маблағлар учун белгиланган тартибда кредитлар ажратилади.

Маълумот учун, 2020 йилда озиқ-овқат секторида инфляция даражаси 15,3 фоизни ташкил қилган. Хусусан, ўтган йил давомида мол гўшти 21,1 фоиз, қўй гўшти 25,6 фоиз, ёғ ва мойлар 27 фоиз, тухум 44,1 фоиз, картошка 42 фоиз, гуруч 25,6 фоизга қимматлашган. Бу маҳсулотлар аҳолининг кундалик истеъмолидаги энг асосий маҳсулотлар эканлигини ҳисобга олсак, бу жуда юқори кўрсаткичдир.

Аввалроқ, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида 2021 йилга белгиланган чора-тадбирлар маълум қилинганди.

Шунингдек, картошка нархларининг ошиш сабаблари ва бунга сабаб бўлаётган омиллар ҳақида маълумот берилганди.

Top