19:40 / 16.03.2021
30697

Манба: Нажмиддинхўжа Шарипов Монополияга қарши курашиш қўмита раҳбарлигидан кетди. У янги лавозимда иш бошлайди

2019 йил январидан буён Монополияга қарши курашиш қўмитасига раислик қилиб келган Нажмиддинхўжа Шарипов Тошкент вилояти ҳокимига ўринбосарликка юборилмоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шарипов бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу маълумотни Kun.uz манбаси тасдиқлади.

Манба маълумотига кўра, Нажмиддинхўжа Шарипов Тошкент вилояти ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилмоқда. У бу лавозимда 2019 йил ёзидан буён ишлаб келаётган Жамшид Абдусаломовни алмаштиради.

Нажмиддинхўжа Шуҳратович Шарипов 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2005 йилда Тошкент молия институтини (бакалавр, магистр), 2012 йилда «Банк иши», «Халқаро валюта ва кредит муносабатлари» йўналишларини тугатган. 2012 йилда Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.

2003 йилдан буён Монополияга қарши курашиш қўмитаси тизимида турли лавозимларни эгаллаб келган. 2016 – 2018 йилларда Вазирлар Маҳкамасида меҳнат фаолиятини давом эттирган. 2018 йилнинг май ойидан Хусусийлаштирилган корхоналарни рағбатлантириш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

У президентнинг 2019 йилнинг 24 январдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг раиси этиб тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг кузида Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар UzAuto Motors компанияси автомобил нархларини 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган, нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган эди. UzAuto Motors эса бунга «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарганди.

Компания ўшанда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг баёнотларини популистик, ҳаракатларини эса масъулиятсизлик деб атаган ва ушбу сценарий энг йирик миллий корхоналардан бирини банкротликка олиб келиши мумкинлигини айтган эди. Кейинроқ, 2020 йил 21 сентябрда UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан судга мурожаат қилади.

2020 йилнинг 12 октябрида ахборот муҳити, матбуот котибларининг самарадорлиги, уларнинг ахборот билан ишлаш фаолиятидаги муаммо ва камчиликлар ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинган йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисини танқид қилган ва қўмитанинг UzAuto Motors компаниясига қарши ҳаракатларини популистик деб атаганди.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан, аризачи «UzAuto Motors» АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан шикоят аризаси қаноатлантирилди ва Махсус комиссиянинг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилган. Қўмитанинг апелляция шикояти қаноатлантирилмаган.

Top