11:58 / 16.03.2021
5346

Самарқандда уй-жой субсидиясини олиш учун тавсиянома бермоқчи бўлган маҳалла раиси 500 доллар пора билан ушланди

Самарқанд вилояти Булунғур тумани «Ўроқли» маҳалла фуқаролар йиғини раиси шу маҳаллада яшовчи аёлдан уни «Аёллар дафтари»га киритиш учун тавсиянома ёзиб бериш ва туман ҳокимлигида ишлайдиган танишлари орқали уй олиб беришни айтиб, 500 АҚШ доллари сўраб, пулни олаётган вақтда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан ушланган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда ёзилишича, Булунғур тумани «Ўроқли» МФЙда яшовчи Д.М. ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилиб, шу МФЙ раиси Ш.Д. уни кам таъминланган оилалар учун қурилаётган уйларга эҳтиёжманд шахс сифатида маҳалла «Аёллар дафтари»га рўйхатга олиш ва тавсиянома бериш ҳамда туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали уй олиб бериш эвазига 500 доллар талаб қилганини баён қилиб, унга қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур мурожаат юзасидан 2021 йил 10 март куни ДХХ Тайлоқ туман бўлими ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ш.Д. Д.М.дан 500 долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан 14 март куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 2019 йил 28 ноябрда «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинган. Унда кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгиланган. 2020 йил 25 мартда Вазирлар Маҳкамасининг 182-сонли қарори билан айрим шахсларга уй-жой сотиб олишда (ипотека кредитлари тўлови учун) субсидиялар тўлаш тартиби белгиланган.

Top