Шифохонада мен билан бир хонада ётган одам ўлими яқинлашаётганини ва ажалини кутиб ётганини билмасди. Унинг ҳаёти охирлаб бораётганини мен ҳам тасодифан билиб қолдим. Ҳамётоғим ухлаб ётганида врач мени ҳам ухлаб ётибди деб ўйлади шекилли, беморнинг қариндошларига унинг қисқа умри қолгани ҳақида гапирди. Аммо мен унинг барча гапини эшитиб тургандим.

«Биз қўлимиздан келган барча чорани кўряпмиз. Қолган ҳаммаси Худодан. Лекин умид жуда кам. Ака биринчи инсултни ўзи сезмаган ҳолда оёқда туриб ўтказиб юборган. Бу иккинчиси», деди врач.

Қариндошлар жим бўлиб қолишди. Шу пайт врач «У нима иш қиларди ўзи?» деб сўраб қолди. «Маҳаллада раис бўлиб ишлайди. Одамлар жанжаллашиб келавергач асаби дош бермади шекилли», деган жавоб эшитилди.

Эртаси куни ҳамётоғим бироз ўзига келди. Бир-икки кунда ўтиришга рухсат беришди. Унинг ҳолати Нодар Думбадзенинг «Абадият қонуни» асари қаҳрамонига ўхшарди. Умри тугаб бораётганини ўзи билмас, мен билан кулиб ҳангомалашиб ўтирарди.

Шундай кунларнинг бирида ундан нега анча серғалва бўлган иш – «домком»ликни танлагани ҳақида сўрадим. У аста гап бошлади.

«Мустақилликдан аввал, ҳарбий хизматни ўтаб келганимдан кейин отам олиб бориб Олий милиция мактабига жойлади. Мактабни битириб туманимиз ички ишлар бўлимига ишга келдим.

Ёшликдан кўнглим бўш, мендан тезкор ходим ёки терговчи чиқади деб ўйламасдим. Шу сабабли бир амаллаб кадрлар бўлимига «илиндим». Ишимни ўзим яхши кўрардим.

Сидқидилдан, виждонан ишлаганим учун бир неча йил оддий ходимликдан кадрлар бўлими бошлиғи лавозимигача кўтарилиб бордим.

Аслида кадрлар бўлими бошлиғи лавозимига иштиёқмандлар кўп бўлади. Чунки бу ишда ишлаётганлар бошқа бўлимларда ишлаётган ходимлардай ҳаётини хавф остига қўйиб жиноятчилар билан тўқнашмайди. Қишнинг совуғида, ёзнинг иссиғида суткалаб кўчада юрмайди.

Асосан тинч кабинетларда ўтириб ишлайди. Иш ҳам унча серғалва эмас. Шу сабабли бир неча марта ўрнимга кўз олайтирганлар чиқди. Аммо ўрнимда қолдим.

Шу тарзда анча йиллар ишладим ва кунлардан бир куни пенсияга чиқдим. Шундан сўнг собиқ ҳамкасбларим орасида боши очиқ яхши бир аёл бор эди, яширинча никоҳ ўқитиб, у билан ҳам яшай бошладим.

Ҳа, ҳаром йўлга юрмадим. Бировнинг хотинини йўлдан урмадим. Биринчи турмушидан ажрашгач тенгини топа олмай юрган аёл рози бўлганди, унга уйландим.

Аёл оилам борлигини биларди. Шундай бўлса ҳам иккинчисига деганимда рози бўлди. Балки юмшоқ феълли одам бўлганим унга маъқул келгандир.