16:06 / 20.03.2021
23212

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари яна камайди

2021 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, республика олтин-валюта захиралари 1,1 млрд долларга камайди.

Фото: Akio Kon/Bloomberg

Ўзбекистон Марказий банки олтин-валюта захиралари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

Жорий йил 1 март ҳолати бўйича, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 1,1 млрд долларга камайиб, 33,2 млрд долларни ташкил қилмоқда. Таққослаш учун, 2021 йил 1 январ ҳолати бўйича республиканинг расмий захира активлари 34,9 млрд долларни, 1 феврал ҳолати бўйича эса 34,3 млрд долларни ташкил этган.

Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармаси стандартлари асосида юритилади. Ўзбекистон олтин-валюта захиралари таркибининг жуда катта қисми хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.

Ўтган бир ой давомида захирадаги монетар олтин ҳажми 0,2 миллион троя унциясига (6,2 тонна) ошганлигига қарамай, жаҳон бозорида олтин нархлари арзонлашиши сабабли олтин захираларининг нархи 0,5 миллион долларга пасайди.

Маълумот учун, 1 унция 31,1 граммга тўғри келади.

Бундан ташқари, хорижий валюта активлари ҳам ўтган давр мобайнида 0,5 миллион долларга камайган. Бу бўйича Марказий банк маълумот бермаган.

Республика халқаро захираларида 2021 йилнинг 1 март ҳолати бўйича олтин 19,73 млрд долларни, хориж валюта активлари эса 13,14 млрд долларни ташкил этмоқда.

Top