12:25 / 24.03.2021
4553

Наргиза Парпиева: «Авваллари сил 3 ойда аниқланган, ҳозир бунинг учун 70 дақиқа кифоя»

"24 март — Халқаро силга қарши курашиш куни" муносабати билан “Тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорлик” мавзусида Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессияси ташкил этилди. 

Kun.uz мухбири хабарига кўра, сессияда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси ўринбосари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари иштирок этмоқда.

Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий маркази раҳбари Наргиза Парпиева  бугунги кунда Ўзбекистонда сил касаллигига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берди.

“Одамларда сил касаллиги камбағаллар касаллиги, деган янглиш тушунча шаклланиб қолган. Бу мутлақо нотўғри, жуда бадавлат одамлар ҳам бу касалликка чалиняпти. Бугунги кунда сил диагностикаси бўйича жуда кенг имкониятлар бор. Олдин беморда туберкулёз бор ёки йўқлигини аниқлашга 3 ой вақт сарфланган бўлса, бугунги кунда бу жараёнга 70 дақиқа кифоя. 

Соҳамизда эътибор ҳам ортган. Барча ходимларимиз маошига давлат раҳбари топшириғига кўра 50 фоиз устама белгилангани туфайли жамоамизда ёшлар кўпайди, мутахассислар орасида фтизиатрияга қизиқиш ортди”, дея Наргиза Парпиеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, cилни даволаш учун 23та дори қўлланилиши, шундан 8таси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши маълум қилинганди.

Top