Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон БМТнинг сил касаллиги бўйича юқори даражадаги йиғилишига раислик қилди
Ўзбекистон ва Полша мувофиқлаштирувида ишлаб чиқилган сиёсий декларация қабул қилинди.
Шу йилнинг 19-26 сентябр кунлари Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси умумий муҳокамаси доирасида силга қарши кураш бўйича юқори даражадаги йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Ушбу формат соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат, ҳукумат раҳбарлари ва вазирлар иштирокидаги йирик халқаро тадбир бўлиб, силга қарши курашда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган глобал вазифаларнинг стратегик мақсадларини аниқлашга қаратилган.
Юқори даражадаги йиғилишнинг биринчи ялпи сессиясини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрулло Иноятов олиб борди.
Тадбир якунида аъзо давлатлар Ўзбекистон ва Полша мувофиқлаштирувида ишлаб чиқилган сиёсий декларацияни бир овоздан қабул қилди.
Ҳужжатда 2030 йилгача силга қарши глобал эпидемияга барҳам беришни жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар ўрин олган. 90 миллион аҳолини сифатли даволаш ва профилактика тадбирлари билан таъминлаш режалаштирилган. Ушбу жараёнда, 2023-2027 йилларда, шу жумладан 4,5 миллион болалар, 1,5 миллион дорига чидамли сил билан касалланган беморлар қамраб олинади. Аъзо давлатлар сил касаллигини глобал молиялаштиришни 2027 йилга бориб йилига 5,4 миллиард доллардан 22 миллиард долларгача ва 2030 йилга бориб эса 35 миллиард долларгача, яъни ҳозирги даражадан тўрт баравардан кўпроққа ошириш мажбуриятини олди.