22:19 / 24.03.2021
12930

Ток, газ ва сувдан фойдаланиш қоидаларини бузган фуқароларни жавобгарликка тортиш ИИБ ходимлари зиммасига юклатилиши мумкин

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муҳокамадаги ўзгартиришлар киритилса, электр, иссиқлик энергияси, газ ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидалари аҳоли томонидан бузилганлик ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси — ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясида юқоридагиларни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси муҳокама қилинган.

Муҳокамалар жараёнида қонун ташаббускорлари томонидан қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 15-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланган.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодексининг 391, 381-2-моддаларига электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича тергов ва суриштирувга тегишлилик вазифаси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмаларига юклатишни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Бундан ташқари, электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларининг аксарияти жойлардаги аҳоли томонидан содир этилишини инобатга олиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-3 ва 248-моддаларига суриштирувга тегишлилик ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларига тааллуқлилиги белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида Россия Федерацияси, Озарбойжон ва Қозоғистоннинг ҳам жиноят-процессуал қонунчилиги ўрганилган.

Жумладан, Россия Федерацияси, Озарбойжон ва Қозоғистон Республикалари жиноят-процессуал қонунчилигида электр, иссиқлик энергияси, газ, сувдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича тергов ҳаракатлари прокуратура (Озарбойжон) ва ички ишлар (Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси) органлари терговчилари томонидан амалга оширилиши кўрсатилган.

Top