11:47 / 25.03.2021
14151

Абидаль билан интервью: Почеттинони тавсия қилгани, Бартомеу Неймарни қайтаришга қарши бўлгани ва Месси мураббийларни ишдан олмагани ҳақида

Эрик Абидаль ўтган йил августида ЕЧЛ плей-оффида «Бавария»дан учралган қақшатқич мағлубиятдан (2:8) буён «Барселона» тизимида ишламаяпти. Собиқ спорт директори ўша вақтда бош мураббий Кике Сетьен билан биргаликда истеъфога чиқарилганди.

Фото: globallookpress.com/Panoramic/ZUMAPRESS.com

Аслида, зиддият анча олдин, февраль ойларида бошланган, ўшанда Абидаль бир қатор футболчиларни ўз имкониятларини етарлича ишга солмаётганликда айблаганди. Мессининг бундан жаҳли чиқди ва аниқ исмларни айтишни талаб қилди, Бартомеу эса директорнинг Хави билан келиша олмагани ва Суаресга ўринбосар топа олмаганидан норози эди.

Абидаль яқинда The Telegraph нашрига интервью берди ва клубдан кетганидан буён биринчи марта «ёрилди». Суҳбат чоғида у Месси билан муносабатлари, Неймар ва Почеттино борасидаги муваффақиятсиз музокаралар ва яна бир қатор муҳим мавзуларга тўхтаб ўтди.

Асосий тезислар қуйида:

2018 йилнинг декабрида Абидаль клуб президентидан Вальвердени истеъфога чиқаришни сўраган. Бунинг ўрнига мураббий январь ойида янги шартномага имзо чекди.

«Декабрда президент менга мураббийни кетказиш осон қарор эмаслигини айтди. Икки ой ўтиб эса, менинг маслаҳатимга бутунлай терс бўлган қарор қабул қилинди – Вальвердега янги шартнома таклифи. Албатта, мен бу қарорни ҳурмат қилдим ва мураббийга ёрдам беришда давом этдим. Лекин бу ҳолат мен учун камида ғалати бўлганди».

Испаниялик мураббий истеъфога чиқарилгач, Абидаль тўрт нафар номзодни илгари сурган. Улар ичида энг устувори Почеттино бўлганди. Аммо бу сафар ҳам спорт директорининг таклифлари инобатга олинмади.

«Менинг рўйхатимда Маурисио Почеттино, Кике Сетьен, Макс Аллегри ва Хави бор эди. Мен учун Маурисио фаворит эди ва у билан гаплашгандим ҳам. Аммо сиёсий факторлар туфайли ундан воз кечишди. Унинг мураббийлик салоҳияти, малакаси ёки услуби эмас, «Эспаньол»да ишлагани, эски интервьюлари ҳал қилувчи аҳамият касб этди. «Йўқ, у клубни ҳурмат қилмас экан», – дейишди директорлар кенгашида».

Бу раҳбарият томонидан шунчаки хафагарчилик туфайли қўллаб-қувватланмаган ягона қарор эмас. Унинг айтишича, 2019 йилда клуб ростан ҳам Неймарни қайтаришга яқин турган, лекин Бартомеу Гризманни танлаган.

«Бизга ҳақиқий вингер керак эди, Неймар эса, бу позицияда «Барселона»да ажойиб ўйин кўрсатган. Аммо президент Гризманни сотиб олишни истади. Неймарга қарши асосий аргументлардан бири – футболчининг клуб билан судлашгани бўлганди. Кенгашнинг айтишича, агар Неймарнинг қайтиш истаги бўлганида, клубга бўлган эътирозларидан воз кечиши керак эди. Бу мен учун муаммо бўлмаган, чунки Неймар кетганида ва ўша воқеалар бўлганида, мен Барселонада эмасдим. Менинг фикримча, Неймарни қайтариш керак эди ва бунинг учун барчаси тайёр бўлган».

Фото: globallookpress.com/Panoramic/Keystone Press Agency

Абидаль ўз вақтида «Барселона»ни молиявий инқироздан қутқариб, қимматбаҳо харидларини қоплайдиган ҳомий ҳам топган.

«Ишончим комилки, молиявий ҳолатни ўнглаш мумкин эди. Ўша компания жуда катта пул тикиб, ўша даврдаги барча қарзларни ёпишга рози бўлганди. 2020 йилнинг ноябригача музокаралар давом этганини биламан, лекин ҳеч нарса содир бўлмади.

Инвесторлар ҳаммасини билишни исташади, лекин «Барселона» ҳисобварақлардаги маълумотларни яширарди. Менимча, улар клубни жуда ёмон бошқарганликларини кўрсатиб, шарманда бўлиб қолишдан қўрқишарди. Ахир сен уларга муаммоларни кўрсат, улар ҳал қилишади, тўғрими? Лекин билишимча, ҳамма клубни эмас, ўз хатоларини ҳимоя қилишни истарди».

Месси билан ўша машҳур суҳбат ҳақида

«Менинг футболчиларнинг бор имкониятларини ишга солмаётганликлари ҳақидаги сўзларимдан сўнг, Месси билан жиддий суҳбат бўлганди. Мен буни табиий қабул қилдим, зеро бу борада мен билан суҳбатлашишни истаган ягона футболчи ҳам Месси эди. Мен буни ҳурмат қиламан. Шунингдек, Месси жамоа сардори, табиийки, шерикларини ҳимоя қилиши керак. Аммо у ҳеч қачон мендан мураббийни истеъфога чиқаришни сўрамаган. Ҳеч қачон.

Менимча, ўртамизда ҳеч нарса ўзгармаган. Унинг ҳозир фикри қанақа, билмадим-у, мен учун бу мавзу ёпилган. У билан яна жуда кўп марта ёзишдик ва Месси менинг фикрларимни жуда яхши билади. Назаримда, ўшанда мен ҳақ эдим, футболчилар янада яхшироқ шуғулланишлари мумкин эди».

Месси Барселонада қолиши керак. Бу футболчи учун ҳам, клуб учун ҳам энг яхши ечим бўлади.

«Агар ўйин даражаси ҳақида айтсак, Месси футбол тарихидаги энг зўр ўйинчи ва бутун фаолиятини «Барселона»да ўтказган. Шунинг учун ҳам унинг қолиши жуда муҳим. Клуб даражаси, янги лойиҳанинг мазмуни, янги раҳбариятнинг ва мураббийнинг ғоялари ҳам Мессининг қарори билан чамбарчас боғлиқ. Маркетинг нуқтайи назаридан ҳам, Месси жуда кўп нарса беради, у жудаям катта актив. Аммо барибир якуний қарорни у қабул қилади. Бир клубда шунча йил ўйнаш осон эмас. Баъзида қандайдир янгилик истайсан. Аммо Месси учун «Барселона»дан яхшироқ жой бўлиши мумкинми? Билмадим».

Top