13:07 / 25.03.2021
29555

Соғлиқни сақлаш вазири бешта вилоятдаги бошқарма бошлиқларига ҳайфсан берди

Вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашиб, мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунда белгиланган муддатлари бузилишига йўл қўйгани учун Соғлиқни сақлаш вазири томонидан Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига ҳайфсан эълон қилинди.

«Бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар бир мурожаатини алоҳида назоратга олиш ва ҳар бири билан индивидуал ишлаган ҳолда имкон қадар аҳоли розилигини таъминлашга ҳаракат қилиб келинмоқда.

Бу жараёнда, айниқса, мурожаатларни кўриб чиқиш сифатига эътибор қаратиш билан биргаликда уларни кўриб чиқиш муддатлари бузилмаслигига ҳам жиддий эътибор берилмоқда.

Бунинг натижасида вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашиши оқибатида мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунда белгиланган муддатлари бузилишига йўл қўйганлиги учун вазирнинг тегишли буйруқлари билан Андижон (Салоҳиддин Юсупов), Жиззах (О.Маҳмудова), Наманган (Абдилҳоди Иминов), Самарқанд (Давронбек Жуманиязов) ва Сурхондарё (Комил Абдувоҳидов) вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига ҳайфсан эълон қилинди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Бугунги кунда мурожаатларни кўриб чиқишга нисбатан муносабат тубдан ўзгараётгани, бунинг натижасида уларни қуйи идораларга юбормасдан, вазирликнинг ўзида бузилган ҳуқуқлар қонун доирасида тикланиши таъминлаб келинаётгани қайд этиб ўтилган. 

Жумладан, Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли «Ихтисослаштирилган автотранспорт» давлат корхонаси раҳбарининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб бир гуруҳ ходимлар вазирликка мурожаат этган. 

Унда корхона раҳбарининг 2020 йил 26 декабрдаги 133-сонли буйруғига асосан, ушбу муассасанинг автомобилларни таъмирлаш бўлими автослесари Ю.Д., маъмурий бошқарув бўлими автомобилларни таъмирлаш бўлими муҳандиси Б.И., маъмурий бошқарув бўлими АКБ муҳандиси М.Н., маъмурий бошқарув бўлими бош муҳандиси Ҳ.Н., Самарқанд туман тез тиббий ёрдам бўлими автокарвон бошлиғи А.О., Самарқанд шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими автокарвон бошлиғи А.И., маъмурий бошқарув бўлими иқтисодчиси Ж.Х., маъмурий бошқарув бўлими Кадрлар бўлими бошлиғи Г.Р., маъмурий бошқарув бўлими маош ҳисобчиси С.Ш., маъмурий бошқарув бўлими катта механиги А.С. билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддасига мувофиқ бекор қилинганидан норозилик билдирилган.

Мурожаат юзасидан бевосита вазирликнинг ўзи томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда Меҳнат кодексининг 101-моддаси талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланган. 

Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли кўрсатмаси асосида амалдаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда чиқарилган юқоридаги буйруқ бекор қилиниб, ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди ҳамда ғайриқонуний буйруқ чиқарилишида айбдор бўлган корхона раҳбарига нисбатан тегишли интизомий жазо чораси қўлланди.

«Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўрин берилган. Асосийси, ҳар бир раҳбар, ҳар қайси мутасадди шахс бугун мамлакатимизда аҳолини қийнаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш, халқ дардига шерик бўлиб, ташвишларини енгиллаштириш муҳим вазифаларидан бири эканини чуқур англаб етмоғи лозим», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Top