10:58 / 26.03.2021
12984

Дилшод Султонов Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши курашиш режалари ҳақида гапирди 

Жорий йилнинг 23 март куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ва молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султонов электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) муаммолари бўйича давра суҳбати ўтказди. 

Дилшод Султонов

Buxgalter.uz’нинг ёзишича, тадбирда солиқ маслаҳатчилари ва бизнес вакиллари ҳам иштирок этди. Учта асосий савол муҳокама қилинди: электрон ҳисобварақ-фактурани ўз вақтида тақдим этмаганлик ва муддатларга риоя қилмаганлик учун жарималар; жорий ҳисобот даврида тузатилган электрон ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш учун чекловлар; ҳисобга олиш ҳуқуқини ноқонуний қўллаш. 

Билдирилишича, Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев қўмитанинг электрон ҳисобварақ-фактура бўйича қўшимча чекловларни жорий қилиш бўйича ҳаракатларини шарҳлаб берди. Улар электрон ҳисобварақ-фактура айланмасини ва сўнгги вақтларда кенг қулоч ёзган қўшимча қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳуқуқини қўллашни тартибга солувчи нормалардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этишга қаратилган.

ЭҲФни таҳлил қилган ҳолда ҳуқуқбузарларни тезкор тарзда аниқлаш мумкин. Бу ҳамма электрон шаклда расмийлаштириши шарт бўлган ягона ҳужжат, ушбу жараён маъмурчилиги ДСҚ иштирокида рўй беради. 

Бизнес вакиллари фикрига кўра, ҳуқуқбузарларга қарши кураш виждонли солиқ тўловчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини чекламаслиги керак. Қатор ҳолларда тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этиш аниқланган хатоларни бартараф этишнинг ягона усули ҳисобланади. Солиқ тўловчида ҳуқуқ мавжуд ва бошланғич ҳужжатлар ва ҳисоботларда мустақил равишда аниқланган хатоларни тузатиш имконияти бўлиши керак.

ЭҲФни тақдим этиш муддатлари ҳисобварақ-фактуралар шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган. Агар солиқ тўловчи уларга риоя қилса, уни жазолаш учун асос йўқ. Шунингдек, ушбу муддатларни бузганлик учун СКнинг 223-моддаси асосида жарима санкцияларини қўллаш ҳам нотўғри бўлади.

Давлат органлари вакиллари ЭҲФ ва онлайн-НКМ билан ишлашда муаммоларга дуч келган тадбиркорларни эътибор билан тинглашди. ДСҚ раиси Шерзод Қудбиевнинг сўзларига кўра, солиқчилар муаммоларнинг баъзиларини билади ва уларни бартараф этиш устида ишламоқда. Хусусан, яқин вақтда онлайн-НКМдан маълумотлар автоматик тарзда ҳисоб-китоблар тизимига тушади. Нақд шаклда ҳисоб-китоб орқали сотувлар бўйича бир томонлама ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш эса бекор қилинади. Корпоратив карта билан ҳисоб-китобларда онлайн-НКМ чекларини рўйхатдан ўтказишни, сотиб олувчи талабига биноан ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш тўғрисидаги нормани бекор қилиш билан ягона эҳтимолий вариант сифатида, қоида учун қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов электрон ҳужжат айланишини яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг асосий инструментларидан бирига айлантириш юзасидан режалар билан ўртоқлашди.

Жорий йилда нафақат ҳисобварақ-фактуралар, балки товар-транспорт юкхатлари, ишончномалар, шартномалар ва битимлар бўйича бошқа бошланғич ҳужжатлар мажбурий электрон шаклда расмийлаштирилади. МХИК, товарларни маркировкалаш ва штрихли кодлаш тизимлари товар ҳаракатини сотувчидан (импорт қилувчидан) якуний истеъмолчига қадар схемаси бўйича кузатиш устидан назорат қилиш инструменти сифатида ривожлантирилади.

Натижада, товар ҳаракатининг ишлаб чиқарувчи ёки импортдан сотиб олувчигача занжири шаффофроқ бўлади. Шу туфайли солиқчилар “нақдлаштирувчи” тузилмалар фаолиятига чек қўяди: охиргилар уларда киримда бўлмаган товарга ҳисобварақ-фактура тақдим эта олмайди.

Шунингдек, Молия вазирлиги бўнаклардан ҚҚС тўлашни жорий қилишни режалаштирмоқда. Бугунги кунда бўнакларга ҚҚС солинмайди, бу солиқ маъмурчилигида муайян қийинчиликлар туғдиради, дейилади хабарда.

Top