— Бу ерда муаммо нимада? Солиқ қўмитаси ва тадбиркорлар ўртасида нимага низоли вазият пайдо бўлди?
— Бу муаммо нимадан келиб чиқди, дейдиган бўлсак. 2019 йилдаги қарорда мазкур қонунчилик нормаси бор эди, аммо жавобгарлик меъёрлари белгиланмаганди. 2023 йил март ойида Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилиб, 227-1-моддаси қўшилди. Унга кўра, маркировка қоидаларини бузса, махсус ҳисоблаш дастурларини солиқ органи базасига интеграция қилмаса, бир чоракдаги (3 ой) соф тушуми миқдорида жарима белгиланади. Асосий муаммо шундан, яъни жарима миқдори катталигидан келиб чиқяпти.
Бу шу даражада катта жаримаки, молиявий жазо деб кўриб бўлмайди, балки қўштирноқ ичидаги “ўлим жазоси” дейиш мумкин. Бизнесни шунчаки ўлдиради. Жариманинг ўрнига банкрот деб эълон қиламиз, деган билан бир хил бўлиб қолди. Бу жарима қўлланган тадбиркорлик субъектлари ҳам банкрот бўлиб қолганини айтяпти, бунақа ишлагандан, ишламаган яхши, дейишяпти. Бу орқали иқтисодий сиёсатга салбий муносабат уйғонишни бошлади.
Президент ҳузуридаги Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш кенгаши бу масалани кўтариб, Савдо-саноат палатаси орқали олиб чиқдик. Бу норма жуда қатъий бўлиб қолган, енгиллаштириш керак, деган масалани қўйдик. Кўпчиликни қийнаб турган муаммо бўлгани учун катта овоза бўлиб кетди. Бу ўринда айтиш керакки, тадбиркорларнинг Солиқ қўмитаси билан низоси эмасми бу, балки солиқ қонунчилигидаги меъёрларга нисбатан муносабати кескинлашуви, деса бўлади. Солиқ қўмитаси билан муносабат жойида.
— Солиқ қўмитасининг мазкур ҳолатга муносабати қандай? Нималарни таклиф қиляпти? Солиқ қўмитаси сўраётган нарсанинг техник жиҳатдан имкони борми?
— Қисман қилса бўлади. Солиқ қўмитаси бу қоида фақат маркировкаланиши шарт бўлган товарларга (тамаки маҳсулотлари, маиший техника, алкогол ва дори маҳсулотлари) нисбатан қўлланиши, яъни шу товарларни сотиш бўйича дастурий тизимлар солиқ органи базасига интеграция қилиниши керак, деган позицияда. Қонунда ҳам шундай. Лекин қонунчиликда маркировкаланиши зарур бўлган товарлар учун ҳар қандай тадбиркорлик субъекти ўзи учун ҳисоб дастури яратадиган бўлса, ўша жараённинг автоматлаштириш тизимини солиқ органига интеграция қилиш ҳам белгиланган. Қонун икки томонни ҳам назарда тутади, аммо солиқ органидаги муносабат асосан бир томонга бўляпти. Йиғилишдаги мавзунинг ҳам 90 фоизи маркировкаланадиган товарларга оид бўлди. Асл мақсад жарима миқдори юқорилиги эди, аммо масала бошқа томонга қараб кетиб қолди.
Дейлик, бир емакхонада ҳисоблаш дастури яратилди, агар уни солиқ органига интеграция қилмаса, 3 ойлик фойда миқдорида жарима тўлайди. Лекин бу маҳсулотни оддий касса аппаратидан ўтказмасдан сотиш даражасидаги ҳуқуқбузарлик. Ривожланиш йўлидаги кичик бир хато учун шунча катта жарима.















