21:12 / 27.03.2021
6850

Kun.uz’даги танқиддан сўнг Миришкордаги шифохона ҳудудида олиб борилаётган қурилиш тўхтатилди

Қашқадарё вилояти Миришкор туманида жойлашган Жейнов шаҳарчасидаги шифохона ҳудуди ўтган йиллар давомида қисқариб келган. Ундан бозорга, дорихоналар қурилишига ер ажратилгани камлик қилгандай, 2019 йилда анчагина жой аукцион орқали тадбиркорга ҳам сотиб юборилган. Маълум бўлишича, бугун 27 март куни тадбиркор қурилишни тўхтатган.

Жейнов шифохонасида ишлайдиган бир гуруҳ шифокорларнинг мурожаати асосида Kun.uz мухбирлари мазкур соғлиқни сақлаш муассасасига тегишли ернинг тадбиркорга бериб юборилиши қанчалик қонуний бўлганини ўрганган ва бу ҳақда мақола эълон қилинганди.

Бугун, 27 март куни Жейнов шифохонаси ҳудудида олиб борилаётган қурилиш ишлари тўхтатилган. Шифохона бош шифокори Қ.Мейлиевнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, бугун қурувчилар ишни тўхтатган.

«Кеча бош вазир ўринбосари Қарши шаҳрида тадбиркорларни қабул қилибди. Ўша йиғилишда у Миришкор туман ҳокими ва Жейнов шифохонаси ҳудудида қурилиш қилаётган тадбиркорга қурилишни тезда тўхташини топшириқ берибди. Бугун тадбиркорнинг одамлари келиб иш қуролларини олиб кетди», — деган Қ.Мейлиев.

Маълумот учун, 26 март куни бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигида вилоят раҳбарлари Қарши шаҳрида тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича сайёр қабул ўтказган эди.

Top