Ўзбекистон | 20:09 / 03.04.2021
16130
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда вакцинация жараёнлари: COVID-19’га қарши илк эмланганларнинг ҳолати қандай?

Ўзбекистонда биринчи апрелдан бошлаб аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнлари бошланди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги поликлиникаларда ҳам эмлаш давом этмоқда.

Kun.uz аҳолини эмлаш жараёнлари билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги 2-сонли оилавий поликлиникада бўлди.

Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов айни вақтда шаҳардаги 12 та ҳудудда аҳоли COVID-19’га қарши эмланаётганини маълум қилди. Бобожоновга кўра, шаҳарда 215 та маҳалла бўлиб, ҳар икки минг нафар фуқарога бир нафар шифокор, беш нафаргача ҳамшира бириктирилган. Фуқаролар маҳаллалар кесимида рўйхат асосида поликлиникаларга таклиф қилинмоқда.

Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари, олтмиш беш ёшдан ошган фуқаролар эмлашга жалб қилинмоқда. Ҳиндистон ва Хитойда ишлаб чиқарилган икки хил вакцина мавжуд бўлиб, фуқаронинг хоҳиш-истаги инобатга олиняпти. Бирлашма бошлиғи вакциналарнинг бирини афзал демаган ҳолда, танлов фуқароларнинг ихтиёрида эканлигини билдирди.

1 апрел куни COVID-19’га қарши эмланиб, айни вақтда назорат учун тиббий кўрикка келган фуқароларнинг фикри билан қизиқдик. Саксон ёшдан ошган онахонлар Равза Ямбулатова ҳамда Зебо Раззоқова икки кун аввал коронавирус инфекциясига қарши эмлангани ва ўзини яхши ҳис қилаётганини билдиришди. Уларнинг айтишича, ўзларида ҳеч қандай ножўя таъсир сезишмаган.

Поликлиника бош врачи Дилбар Болтаеванинг айтишича, феврал ойининг ўрталаридан бошлаб аҳолини эмлашга тайёргарлик кўрилган. Биринчи навбатда фуқароларнинг рўйхати шакллантирилган. Поликлиникага эмланиш учун келаётган ҳар бир фуқаронинг келиш куни, вақти аниқ белгилаб қўйилган ва уларга хабар берилмоқда. Шу сабабли тартибсизлик, фуқароларнинг кутиб қолиш ҳолати кузатилмаётганини айтмоқда. Болтаева ҳозирга қадар эмланганларнинг соғлиғидан хабардор бўлиб турилгани ва шикоятлар келиб тушмаганини билдирди.

Самарқанд шаҳридаги Бирлик маҳалласида истиқомат қилувчи Ражаб Қурбонов унга бир кун аввал хабар берилгани ва эмланиш учун келганини айтди. Отахон COVID-19’га қарши эмланганидан бир муддат ўтиб суҳбатлашганимизда, ўзини яхши ҳис қилаётганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳридаги мавжуд поликлиникаларда икки кун ичида 590 нафар фуқаро коронавирус инфекциясига қарши эмланган. Босқичма-босқич эмланиши лозим бўлган фуқароларнинг сонини ошириб бориш режалаштирилмоқда. Вакцина олган фуқаролар emlash.uz сайтига киритиб борилмоқда. Биргина 2-сон оилавий поликлиника мисолида айтадиган бўлсак, ҳозирги вақтда учта пункт ташкил қилинган бўлиб, эмлашнинг учинчи кунида 210 нафар фуқарони эмлаш режалаштирилган.

Қайд этиб ўтиш жоизки, аҳоли ўртасида коронавирусга қарши эмлаш ихтиёрий ва бепул. Масъулларнинг айтишича, кимдир ўзининг навбати келганда эмланишдан бош тортса ёки бирор сабаб билан поликлиникага келолмай қолса-ю бошқа куни вакцина олиш истагини билдирса, унга ҳеч қандай эътироз билдирилмайди ва талаби қондирилади.

Исомиддин Пўлатов тайёрлади.
Тасвирчи: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид