12:02 / 06.04.2021
5512

Эски газ ҳисоблагичларни стандартдан ўтказиш муддати 2021 йил 1 августигача узайтирилди

Жорий йилнинг 1 августига қадар эски газ ҳисоблагичларининг даврий текширувдан ўтказиш муддати ўтган бўлса-да, ҳисоб-китоблар ҳозирда ўрнатилган ҳисоблагичлар асосида амалга оширилади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги ПҚ-4840-сонли қарорига мувофиқ, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш белгиланган. Шу мақсадда 2021 йил 1 августга қадар республиканинг барча ҳудудларида истеъмолчиларга замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиб, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими тўлиқ жорий этилиши режалаштирилган.

Юқоридаги қарорга биноан биринчи босқичда, яъни 2021 йил 1 февралгача Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Юқори Чирчиқ, Янгийўл туманлари, Бухоро вилоятининг Кармана тумани ҳамда Тошкент, Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Наманган, Нукус, Самарқанд, Термиз, Урганч, Қарши, Каттақўрғон, Қўқон, Марғилон шаҳарларида ва бошқа қарздорлик даражаси юқори бўлган ҳудудларда тизимнинг йўлга қўйилиши назарда тутилган.

Айтиш жоизки, янги электрон ҳисоблагичлар аҳоли хонадонларига «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан ўрнатилиб, бу учун аҳолидан ҳеч қандай тўлов олинмайди.

Давлат хизматлари агентлигининг хабар беришича, бугунги кунда Давлат хизматлари марказларига 1-босқичда назарда тутилмаган ҳудудлардан табиий газ ҳисоблагичларини қиёслаш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

«Давлат хизматлари агентлиги аҳолининг оворагарчилигига чек қўйиш ва ортиқча пул маблағлари сарфлашининг олдини олиш учун, табиий газ ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш муддатини 2021 йил 1 августга қадар узайтириш ташаббуси билан чиқди. Ҳукумат ушбу аҳолига енгилликни қўллаб-қувватлади.

Демак, ҳурматли фуқаролар, газ ҳисоблагичларингизнинг «стандартдан ўтказиш» муддати ўтган бўлса ҳам, 2021 йил 1 августга қадар ҳисоблагични қиёслашнинг кераги йўқ», – дейилади агентлик мурожаатида.

Top