19:12 / 08.04.2021
6847

АҚШ халқаро компаниялар учун янги солиқ моделини таклиф қилмоқда

АҚШ ҳукумати йирик корпорациялар учун янги солиқ моделини таклиф қилди. Унга кўра, бу корпорацияларнинг топадиган даромадига қараб солиқ тўлашни назарда тутади. Янги модел фақат катта даромад ва фойда келтирадиган энг йирик гигантларга нисбатан қўлланиши айтилмоқда.

Жо Байден маъмурияти трансмиллий корпорациялар учун янги солиқ солиш моделини ишлаб чиқди, деб хабар бермоқда Forbes.

Бу моделнинг моҳияти энг йирик трансмиллий компаниялар фаолият юритувчи мамлакатларидаги сотувига қараб, ушбу давлатларга солиқ тўлашини назарда тутади.

Режа АҚШ молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Иқтисодиётнинг қайси секторида ишлашидан қатъи назар, дунёнинг энг йирик ва энг бой корпорациялари унга бўйсунади — даромад ва фойда кўрсаткичлари ҳисобга олинади, дейилган хабарда.

Янги қоидалар фақат 100га яқин компанияга, шу жумладан, АҚШнинг технология гигантларига таъсир қилиши айтилмоқда. Агар АҚШнинг таклифлари қабул қилинадиган бўлса, бошқа мамлакатлар ҳам ҳудудида фаолият юритадиган, аммо кам солиқ тўлайдиган йирик трансмиллий бизнесдан ўз даромадларини ошириши мумкин.

Қўшма Штатлар 135 мамлакатга, шу жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига ўз таклифини юборган, шу асосда халқаро солиқ тизимидаги ўзгаришлар муҳокама қилинмоқда.

Ташкилот солиқ департаменти раҳбари Паскал Сен-Аманд АҚШ ҳукумати ғоясини қўллаб-қувватлаган. Унинг сўзларига кўра, янги модел халқаро миқёсдаги музокараларда ҳам, АҚШ Конгрессидаги муҳокамаларда ҳам муваффақиятга эришиши мумкин.

Аввалроқ Жо Байден ўзининг иккинчи йирик ташаббуси – 2,25 триллион долларлик иқтисодий ривожланиш режасини эълон қилганди. Бу дастурда харажатларни биринчи навбатда корпоратив солиқларни ошириш орқали қоплаш режалаштирилган.

Top