Жаҳон | 23:38 / 22.04.2024
6844
2 дақиқада ўқилади

Байден Зеленскийга янги ёрдам пакетини тезда етказишни ваъда берди

АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Фото: Reuters

Байденнинг айтишича, Конгресс томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси Сенатда маъқулланиши билан Вашингтон Киевга янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади.

Жо Байден Қўшма Штатлар Украинага иқтисодий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, муҳим инфратузилмани тиклашда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади. Зеленский, ўз навбатида, америкалик ҳамкасбига «глобал етакчилиги» учун миннатдорчилик билдирди ва «спикер Майк Жонсоннинг шахсий ролини» таъкидлаб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлагани учун Конгрессга миннатдорлик билдирди.

«Биз қонун қабул қилингандан кейин мудофаа учун биринчи ёрдам пакетини муҳокама қилдик. Президент мени ишонтирди, у тезкор ва қудратли бўлади, зенит, узоқ масофали ва артиллерия имкониятларимизни кучайтиради», деди Зеленский.

Шунингдек, Украина президенти сўзларига кўра, улар хавфсизлик бўйича икки томонлама битим имзолаш ва Швейцарияда бўлиб ўтадиган саммитга тайёргарликни муҳокама қилишган.

Конгресс Вакиллар палатасини назорат қилувчи республикачилар позицияси туфайли 2023 йил октябр ойидан бери Украинага ёрдам бериш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича келиша олмаётган эди. 20 апрел куни Конгресс қуйи палатаси кенг қамровли қонун лойиҳаси доирасида Украинага ёрдам бериш учун 61 миллиард доллар ажратишни маъқуллади. У 23 апрел куни Сенат томонидан кўриб чиқилиши керак. Агар қонунчилар томонидан маъқулланса, Жо Байден ҳужжатни имзолайди.

61 миллиард доллардан 20 миллиард доллардан ортиғи Америка захираларини тўлдиришга, 14 миллиард доллари қурол сотиб олишга ва 9 миллиард доллари кредит беришга сарфланади. Пентагон хабар қилганидек, Қўшма Штатлар Жо Байден ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонунни имзолаганидан сўнг, бир неча кун ичида Украинага ўқ-дориларни етказиб бера олади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид