10:26 / 08.04.2021
2972

Ўзбекистон ва Қатар ўртасида тўғридан тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши кутилмоқда

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Қатар авиация идоралари делегациясини қабул қилди.

Вазирлик хабарига кўра, учрашувда Қатар фуқаро авиацияси хизмати департаменти бошлиғи Муҳаммад Фалеҳ Алхажри мамлакат сайёҳлик салоҳияти ҳамда бой тарихий-маданий мероси Қатар фуқароларида юқори қизиқиш уйғотишини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ҳаво қатнови тўғрисида битим имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш, сайёҳлик ва ишбилармонлик алмашувининг жадаллаштирилишига хизмат қилади.

«Qatar Airways» департаменти раҳбари Салам ал-Самаррий авиакомпаниянинг Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш ва республика минтақавий аэропортларида жорий қилинган «очиқ осмон» режимидан фойдаланишга, жумладан, Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларидан ҳам сайёҳларни жалб қилишга қизиқиш билдирди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик битим лойиҳаси юзасидан мавжуд масалаларнинг тезкор ҳал этилиши, имзоланиши ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш, туризм соҳасида янги лойиҳаларни амалга оширишга доир мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Top