17:18 / 09.04.2021
53802

Москвага парвоз: Икки кун аввал нархлари эълон қилинган рейслар учун яқин 100 кунга чипта йўқ

Бугунги кунда жуда кўпчилик Россияга учиш учун авиачипта қидириб юрибди. Лекин вазият йўловчилар фойдасига эмас, чипталар ниҳоятда танқис, қиммат ва яқин кунларга йўқ.

7 апрел куни Uzbekistan Airways 2021 йилнинг апрел ойидан бошлаб, Тошкент – Москва – Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар қайта жорий этилиши тўғрисида хабар берди.

Компания ахборот хизматининг хабар беришича, Тошкент ва Москва ўртасидаги рейс учун чипта нархи 4,2 миллион сўмдан ошмайди.

Бу парвозлар учун талаб ниҳоятда юқори бўлиши аввалдан маълум эди. Чунки Россия Ўзбекистон учун узоқ вақт ёпиқ бўлди. Жуда кўпчилик ўз ишига бора олмади. Қолаверса, рейсларнинг очилиши баҳор ойларига, яъни фаол миграция даврига тўғри келди.

Энг муҳими, пандемияга қадар бир кунда Ўзбекистон бўйлаб Россиянинг турли шаҳарларига ўртача 15–20тагача рейс бўлган.

Энди эса ҳафтада бор-йўғи битта!

Бу ҳолат дарҳол чипта танқислиги ва турли қинғирликларга йўл очди.

Чипталар нархи яқин кунлардаги рейслар учун 15 млн сўмгача чиқиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бу борада маълумот олиш учун Uzbekistan Airways компаниясига тегишли марказий авиакасса билан боғландик. Ўзини «Биринчи оператор» деб таништирган авиакасса ходимининг айтишича, Москвага учиш учун энг яқин авиачипта 17 июл кунига (!) бор экан. Нархи аввал эълон қилинганидан ошмаган – 4 175 000 сўм.

Тасаввур қилишингиз учун аниқлик киритамиз – икки кун аввал нархлари эълон қилинган рейслар учун яқин 100 кунга чипта йўқ!

Энди чиптани бошқа усуллар орқали излаб кўрамиз: дарҳол топилди – савод оқсаб ёзилган эълонда Москвага чипталар бемалоллиги, фақат нархи бошқачароқ экани кўрсатилган.

Қизиқ, аслида йўқ авиачиптани қандай қилиб қимматроқ нархда топиб бериш мумкин?

Ўзбекистондан ташқаридаги имкониятларни ҳам қидириб кўрамиз. Бу борадаги оммабоп сайтлардан бири «Яндекс Путешествие»да хорижий авиакомпаниялар томонидан чипталар таклиф қилинмоқда. Қизиғи, чипталар нисбатан арзон бўлиш билан бирга яқин кунларга ҳам жойлар бор. Истасангиз, тўғридан тўғри рейсга қимматроқ ёки Истанбул, Франкфурт каби шаҳарларда бир неча соатлик кутиш ва алмашинув (пересадка) билан арзон чипталар ҳам харид қилиш мумкин.

Хорижий авиакомпаниялар томонидан сотилаётган чипталар ва ташкиллаштирилаётган авиарейслар бўйича маълумот олиш учун Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов билан боғландик.

«Аэрофлот томонидан ҳафтада бир марта ва Uzbekistan Airways томонидан бажариладиган мунтазам рейслардан ташқари қолган барчаси чартер рейслари ҳисобланади.

Интернетга «Андижон–Москва» йўналишида рейс қўйилгани бўйича маълумот жойлаб, чипта таклиф қилаётганлар бор. Расман билдирамиз – бундай рейсга рухсат берилмаган.

Авиачипталар олибсотарларига келсак, уларга ишонмаслик кераклиги ҳақида бир неча марта огоҳлантирилган. Кўпчилик юртдошларимиз пулларига куйиб қолиш билан бирга манзилларига ҳам ета олмай қолганлари ҳақида етарлича маълумотлар тарқатилди», – деди вазирлик вакили.

Вазият бундай бўлиши тушунарли эди. Энди ягона умид Россия томонининг чекловларни янада кўпроқ олиши ва мунтазам авиарейслар қабулини кўпайтиришида. Бу давлатнинг мигрантларга эҳтиёжи юқорилиги расман тан олингани ўзаро қатновларда ҳисобга олинса ажаб эмас.

Аброр Зоҳидов

Top