10:56 / 10.04.2021
34118

Шоҳрух Ғиёсов — ниқоб тақмаган қувалик йигит идорага мажбуран олиб борилгани ҳақида

«Фуқаронинг шахсини аниқлашга зарурат туғилса, ўша жойнинг ўзида бунинг имкони бўлмаса, ички ишлар ходими уни идорага таклиф қилади. Бу – қонуний талаб. Фуқаро буни бажариши керак. Масаланинг бошқа жиҳати, ходим фуқарога бу талабини қандай тушунтириши. Шу нуқтада низоли вазиятни келтириб чиқармаслик ходимнинг тажрибасига, савиясига боғлиқ», – деди ИИВ матбуот котиби.

Фарғона вилоятининг Қува туманида 20 ёшли Aҳрор Aнваров 31 март куни тиббий ниқоб тақмай кўчада юргани учун уч нафар ички ишлар ходими томонидан мажбуран машинага ўтқизилиб, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканига олиб кетилган. Йигит кўп ўтмай вафот этгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Коронавирус пандемияси давом этмоқда ва фуқароларнинг карантин қоидаларига амал қилиши зарурат ҳисобланади. Жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш мажбурий бўлиб, унга амал қилмаслик жаримага тортилишга сабаб бўлади.

Бироқ Қувадаги ҳолатда фуқаро ниқоб тақмагани учун унга куч ишлатилгани – мажбуран идорага олиб кетилгани, бу жараёнда унинг кийими йиртилгани, боз устига ходимларнинг ўзлари ҳам тиббий ниқоб тақмаган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Kun.uz мухбири шу ҳақдаги савол билан Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовга мурожаат қилди.

«Бу бўйича сизлар жуда яхши журналистик суриштирув ўтказдинглар. Ички ишлар ходими бирор қарор қабул қилганидан сўнг, унинг қарори устидан шикоят тушса, албатта хизмат текшируви ўтказилади.

Aйни вақтда Қувадаги ҳолат бўйича ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг Ўз хавфсизлик хизмати томонидан текширув ўтказилмоқда.

Ҳозирги пайтда ички ишлар ходимлари тиббий ниқоб тақмай, карантин қоидаларини бузаётган фуқароларни асосан огоҳлантиряпти. Қўпол қоидабузарликлар, бир неча бор қайтарилган қонунбузилиш ҳолатлари ёки хизмат кўрсатиш соҳасидаги қоидабузарликларни эса жаримага тортмасак бўлмайди, бу ўз-ўзидан тушунарли.

Мисол сифатида айтсам, кеча [8 апрел] бир сутка давомида 1500 дан ортиқ фуқарога карантин қоидаларини бузганлик учун жарима қўлланилган, бундан 5 баробар кўп фуқаро эса огоҳлантирилган», – деди Шоҳрух Ғиёсов.

У Қувадаги ҳолатга тўхталар экан, ички ишлар ходими фуқаро билан мулоқотда касб этикасига риоя қилиши кераклиги, шу билан бирга зарурат туғилганда фуқаронинг шахсини аниқлаш учун уни идорага олиб бориш ҳуқуқига эга эканини айтди.

«Ички ишлар ходимининг қонуний талабини фуқаро бажармаса, ходим унинг муайян ҳуқуқларини чеклаш ҳуқуқига эга, яъни уни тўхтатиб, шахсини аниқлаш учун ички ишлар органига олиб бориши мумкин.

Лекин ҳар бир ҳолатда воқеа жойида ички ишлар ходими вазиятдан келиб чиқиб ўзи қарор қабул қилади. Ички ишлар ходими фуқарога мулойим ва одоб билан гапириши керак, касб этикасида ҳаммаси белгиланган. Ходимнинг қонуний талабига бўйсунмаслик ҳолатида эса, ходим фуқарога нисбатан мажбурий чоралар кўришга мажбур бўлади.

Фуқаронинг шахсини аниқлашга зарурат туғилса, ўша жойнинг ўзида бунинг имкони бўлмаса, ички ишлар ходими уни идорага таклиф қилади. Бу – қонуний талаб. Фуқаро буни бажариши керак. Масаланинг бошқа жиҳати, ходим фуқарога бу талабини қандай тушунтириши. Шу нуқтада низоли вазиятни келтириб чиқармаслик ходимнинг тажрибасига, савиясига боғлиқ.

Ходим устидан бирор шикоят тушган ҳолатларда албатта хизмат текшируви ўтказилади», – деди ИИВ расмийси.

Ғиёсовнинг қайд этишича, Қувадаги ҳолатда ички ишлар ходимининг ўзи ниқобсиз бўлгани ҳақида даъволарга текширув натижасида аниқлик киритилади. Ходим мансаб ваколатларидан четга чиққан бўлса, унга нисбатан чора кўрилади.

Мавзуга оид:

Top