18:14 / 12.04.2021
1344

Самарқанд вилоятида уч ой давомида 50 мингта йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилди

Самарқанд вилоятида жорий йил январь–март ойлари давомида 50 мингта йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган. Улардан салкам 8 миллиард сўм жарима ундирилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг уч ойи давомида вилоят ИИБ ЙҲХ ходимлари томонидан турли қоидабузарликлар учун 49 минг 169та маъмурий баённома тузилган. Шундан 28 603та ҳолат қўпол тарзда бузилган қоидабузарлик, 1994та ҳолатда ҳайдовчилар маст ҳолда автомашина бошқарган, 5 909та ҳолат эса пиёдалар томонидан содир этилган қоидабузарлик бўлган. Қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳуқуқбузарлардан 7 миллиард 754 миллион сўм жарима ундирилган.

Ҳайдовчиларнинг автомашиналарни белгиланган тезликда бошқаришларини назорат қилиш учун, вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига 17та стационар, 6та мобиль радар ўрнатилган. Ўтган уч ойда радарлар 30 473та тезликни белгиланган меъёрдан ошириш бўйича қоидабузарликни аниқлаган.

Жойларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораларига эътиборсизлик қилган 14 нафар мансабдор шахсга маъмурий чоралар кўрилган. Бундан ташқари, йўл сифатига ва унда ўрнатиладиган йўл белгилари ҳолатига жавобгар бўлган йўл хўжалиги ташкилотларига 24та, шаҳар-туман ҳокимликларига 6та тақдимнома киритилган.

Top