19:02 / 13.04.2021
8440

«Бавария» Парижда кичик сенсация қайд этмоқчи, «Челси» «Порту»га қарши. ЕЧЛ 1/4 финал жавоб ўйинлари анонси

Бугун, 13 апрель сешанба оқшомида Европанинг икки шаҳри – Париж ва Севильяда ўтадиган ўйинлар билан Чемпионлар лигаси яримфиналига йўлланма олган дастлабки жамоалар номи маълум бўлади. Финал олди финалга тенглаштирилган баҳсда «ПСЖ» Францияда «Бавария»ни қабул қилса, «Челси» ва «Порту» клублари бир ҳафтада иккинчи марта Испанияда тўқнаш келишади.

Германияда ўтган дастлабки ўйинда ўтган йилги финалчилар «Бавария» ва «ПСЖ» ўртасидаги голларга бой баҳсда парижликлар Мбаппенинг дубли ва Маркиньоснинг голи эвазига ғалаба қозонишганди. Мезбонларнинг жавоб голлари Шупо-Мотинг ва Мюллер ҳисобига ёзилган. Ўша ўйиндаги мағлубият – Флик бошчилигидаги мюнхенликларнинг ЕЧЛдаги илк мағлубиятига (2:3) айланди.

Мюнхенда бўлгани каби Парижда ҳам Роберт Левандовскисиз келган «Бавария» яқин орада ҳозиргидек қийин вазиятда қолмаганди. Жароҳати сабабли сафдан чиққан польшалик голеадордан ташқари, Гнабри коронавирус туфайли ўйинни телевизор орқали томоша қилади, шунингдек Коста, Зюле, Толиссо ҳам шу куни немисларга ёрдам бера олмайди. Шундай экан, Флик қўл остидаги бор таркибдан фойдаланган ҳолда Парижда керакли натижа қайд этишига тўғри келади. Акс ҳолда турнирнинг амалдаги чемпиони «Парк де Пренс»да Чемпионлар лигаси билан хайрлашади.

Ўтган ўйинда ўз голи билан парижликлар ғалабасига ҳисса қўшган Маркиньоснинг хизматидан бу сафар Почеттино фойдалана олмайди. Бразилиялик футболчи жароҳати сабабли майдонга туша олмаслиги айтилган.

 Маурисио Почеттино («ПСЖ» бош мураббийи): «Ҳамма нарса рўй бериши мумкин. «Бавария» - айни дамда жаҳоннинг энг яхши клуби. Рақибга нисбатан ҳурматимиз чексиз. Шу билан бирга ўз кучимизга ишонамиз. Жавоб баҳсида ҳам фақат ғалаба қозониш ҳақида ўйлаяпмиз».

 Ханс-Дитер Флик («Бавария» бош мураббийи): «Энг камида иккита гол киритишимиз кераклигини жуда яхши биламиз. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Жамоа олдида турган вазифа осон эмас, аммо айнан шундай ўйинлар учун ҳам биз футбол ўйнаймиз. Парижда кичик сенсация қайд этишни истаймиз. Барчаси биз истагандек амалга ошса, бундан бағоят хурсанд бўламиз».

ЕЧЛ. 1/4 финал. Жавоб ўйини.

«ПСЖ» - «Бавария»

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: UzReportTV 

Тахминий таркиблар:

«ПСЖ»: Навас; Дагба, Данилу, Кимпембе, Диалло; Гуэй, Паредес; Ди Мария, Неймар, Дракслер; Мбаппе

Ўйнамайди: Бернат (жароҳат), Икарди (жароҳат), Маркиньос (жароҳат), Кюрзава (жароҳат)

Сўроқ остида: Флоренци (номаълум), Верратти (номаълум)

Сариқ карточка туфайли кейинги ўйинни ўтказиб юбориши мумкин: Гуэй, Кюрзава, Неймар, Верратти

«Бавария»: Нойер; Павар, Боатенг, Эрнандес, Дэвис; Киммиҳ, Алаба; Сане, Мюллер, Коман; Шупо-Мотинг

Ўйнамайди: Левандовски (жароҳат), Коста (жароҳат), Гнабри (коронавирус), Зюле (жароҳат), Толиссо (жароҳат)

Сўроқ остида: Рока (номаълум)

Сариқ карточка туфайли кейинги ўйинни ўтказиб юбориши мумкин: Боатенг, Эрнандес, Киммиҳ

Биринчи учрашув: 3:2

 «Челси» бир оёғи билан яримфиналда

Чоракфинал доирасидаги ўйинларини нейтрал майдон – Севильядаги «Рамон Санчес Писхуан» ўйингоҳида ўтказаётган «Челси» ва «Порту» ўртасидаги биринчи баҳсда Томас Тухель шогирдлари расман меҳмон мақомида бўлишса-да, икки тўп фарқи билан ғалаба қозонишди ва бугунги жавоб баҳси олдидан яхшигина устунликка эга. Умуман олганда, Севильядаги майдон Лондон клуби учун омадли аренага айланиб улгурган. Гуруҳ босқичида ҳам «Челси» бу стадионда мезбон «Севилья»ни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб қайтганди. Аммо «Порту» бу турнирда «Ювентус»ни турнирдан чиқариб юборганини инобатга олсак, Тухель шогирдлари ҳар қандай ҳолатда ҳам португаллардан эҳтиёт бўлиши талаб этилади.

 ЕЧЛ. 1/4 финал. Жавоб ўйини.

«Челси» - «Порту»

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: FutbolTV 

Тахминий таркиблар:

«Челси»: Менди; Аспиликуэта, Зума, Рюдигер; Жеймс, Жоржиньо, Ковачич, Алонсо; Маунт, Ҳаверц, Пулишич

Сўроқ остида: Кристенсен (жароҳат), Тьяго Силва (жисмоний ҳолат)

Сариқ карточка туфайли кейинги ўйинни ўтказиб юбориши мумкин: Ковачич, Зиеш

«Порту»: Марчесин; Манафа, Пепе, Мбемба, Зайду; Корона, Сержиу Оливейра, Урибе, Отавио; Марега, Торемий

Сариқ карточка туфайли кейинги ўйинни ўтказиб юбориши мумкин: Мбемба.

Биринчи учрашув: 2:0

Top