29 ноябрга ўтар кечаси Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидаги E-H гуруҳларида 5-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Баъзи жамоалар муддатидан олдин плей-офф масаласини ҳал қилиши ҳам ёки аксинча, баъзи гуруҳларда вазият янада чигаллашиб, сўнгги турни финалга айлантириб юбориши ҳам мумкин. Айнан мана шу гуруҳ формати сўнггиси бўлиб, келаси йилдан умуман бошқа тизим бошланиши ҳам ўйинларга эътиборни кучайтирган.

Е ГУРУҲИ

«Лацио» – «Селтик» (22:45, Sport)

«Фейенорд» – «Атлетико» (01:00)

 Гуруҳда шундай вазият юзага келганки, 5-турдан сўнг барчаси чигаллашиб, ҳар бир жамоада кейинги босқичга чиқиш имконияти сақланиб қолиш эҳтимоли бор. Ҳатто атиги 1 очкога эга бўлган «Селтик» сўнгги икки ўйинда ғалаба қозонса ва «Атлетико» ҳам ёрдам бериб юборса, 2-ўринни олиш имкониятига эга. Шу билан бирга, бугунги ўйинларда «Атлетико» ва «Лацио» ўз ўйинларида ғалаба қозонадиган бўлса, гуруҳда муддатидан олдин плей-офф иштирокчилари маълум бўлади.

Нидерландияда ўтадиган учрашув гуруҳ учун марказий ўйин мақомида бўлиши шубҳасиз. Икки дуранг мадридликларга қимматга тушди ва энди гарчи «Атлетико» ҳали ҳам гуруҳ пешқадами сифатида турган бўлса-да, буни сақлаб қолиш учун «Фейенорд»га ютқазмаслик керак. Агар мезбонлар ғалаба қозонадиган бўлса, катта эҳтимол билан «Лацио» ҳам ғалаба қозониши инобатга олинса, «Атлетико» сўнгги тур олдидан 3-ўринга тушиб қолиши мумкин. Албатта, шунда ҳам Симеоне шогирдларида имконият ёмон бўлмайди – охирги турда Мадридда «Лацио»га қарши ўйинда уч очко етарли бўлиши мумкин. Табиийки, гуруҳда 1-ўринни олиш ва плей-оффда нисбатан кучсизроқ рақибга тушишдан умид қилиш ҳам катта аҳамиятга эгалигини унутмаслик керак.

F ГУРУҲИ

«Милан» – «Боруссия» Д (01:00, Sport)

«ПСЖ» – «Нюкасл» (01:00, Yoshlar)

Ушбу гуруҳда ҳаммаси охиригача чалкаш бўлиши ва ҳар бир ўйин ҳал қилувчи даражада бўлиши олдиндан тахмин қилинганди. Шундай бўлиб чиқяпти ҳам, дастлабки икки ўйинда бирорта ҳам гол ура олмай, яққол аутсайдердек кўринган «Боруссия», масалан, бугун Миланда ғалаба қозонса, муддатидан олдин плей-офф масаласини ҳал қилади. Бу ҳолатда «Боруссия» «Милан»дан 4 очкога ўзиб кетади, «Нюкасл» билан эса уч очколик фарқ етарли, зеро ўзаро ўйинларга кўра, дортмундликларда устунлик бор. Худди шу шаклда, «Милан»да ҳам имконият ёмонмас – Пиоли шогирдлари ғалаба қозонса, сўнгги тур олдидан камида 2-ўринга чиқиб олади. Охирги ўйин эса Англияда «Нюкасл» билан.