14:40 / 13.04.2021
2277

Туризм ва спорт вазирлиги туризм соҳа вакилларига субсидияланиш тартибларини маълум қилди

Вазирлик туроператор, турагент ва жойлаштириш воситаларининг субсидияланиши юзасидан белгиланган тартиб муддати тўлгани ҳамда меҳмонхона хизматларини 10 фоизгача субсидиялаш учун аризалар қабули тўхтатилганини маълум қилди.

Туризм ва спорт вазирлиги томонидан туроператор, турагент ва жойлаштириш воситаларининг субсидияланиши юзасидан белгиланган тартиб муддати тўлгани маълум қилинди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, 2020 йил 1 июндан 2021 йил 1 мартга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи миқдорида жойлаштириш воситалари субсидияланиши белгиланган бўлиб, мазкур субсидияга аризалар қабул қилиш бугунги кунда тўхтатилган. Ушбу субсидиялаш тартиби президентнинг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган эди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг «Туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида Низом»ига мувофиқ, субсидия туроператор, турагент ва жойлаштириш воситаларига ҳар ой якуни бўйича, уларнинг ҳар ойда (ой якуни билан кейинги ойнинг 5-кунига қадар) тақдим этадиган аризалари асосида ажратилади.

Бундан ташқари, вазирлик 2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнгача бўлган давр учун жойлаштириш воситаларининг меҳмонхона хизматлари нархлари субсидияланадиган энг юқори даражаси бўйича имтиёзлардан саёҳат ташкилотчилари фойдаланиши мумкинлигини маълум қилди. Ушбу имтиёз «Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарорида назарда тутилган.

Aввалроқ, туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов меҳмонхоналарга қанча субсидия керак бўлса бир кунда тўлаб берилишини маълум қилганди.

«2021 йил охиригача субсидия олиш учун камида 120–150 миллиард сўмлик мурожаатлар бўлиши кутилмоқда. Лекин бу субсидиялар чегараланган дегани эмас. Қанча керак бўлса, пул бор, фақатгина тезроқ қуриш лозим», – деган эди у.

Шунингдек, 3 ва 4 юлдузли меҳмонхоналарга субсидия бериш муддати 2023 йил охиригача узайтирилгани хабар қилинганди.

Top