17:47 / 14.04.2021
3064

100дан ошиқ лойиҳа атроф-муҳитга салбий таъсири юқори бўлгани сабабли қайтарилган - Давлат экология қўмитаси

2021 йилнинг биринчи чорагида келиб тушган 603та лойиҳа ҳужжатларидан 102таси атроф-муҳитга салбий таъсири юқори бўлгани сабабли уларни бартараф этиш учун қайтарилган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Давлат экология қўмитаси масъул ходими Баҳром Холхўжаев маълум қилди.

Таҳлилларга кўра, 2000-йиллар бошида Давлат экологик экспертизасига йилига жалб қилинган корхоналар сони ўртача 4-5 мингтани ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу кўрсаткич 20-25 мингни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда республика ҳудудида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи 171та модда, ер ва сув объектларига 84 турдаги оқова ҳамда фаолият натижасида ҳосил бўладиган 146 турдаги чиқиндиларнинг доимий назорати юритилади.

«2021 йилнинг биринчи чораги давомида 603та лойиҳа ҳужжатлари келиб тушган. Бу лойиҳаларнинг атроф-муҳитга таъсири ўрганиб чиқилганда, 102та лойиҳанинг атроф-муҳитга салбий таъсири юқори бўлгани сабабли уларни бартараф этиш учун қайтарилган бўлса, 6та лойиҳа бўйича уларни рўёбга чиқариш учун рад жавоблари берилди», дея маълум қилди Баҳром Холхўжаев.

Шунингдек, тадбиркорларга бу турдаги фаолиятларини аҳоли яшаш ҳудудларидан узоқроқ ва экологик талабларга мувофиқ бўлган ҳудудларда жойлаштириш бўйича тавсиялар ҳам берилди.

Кейинги йилларда янги конларнинг ўзлаштирилиши билан боғлиқ ҳолда саноат корхоналари сони ҳам ошиб бормоқда. Кичик ишлаб чиқариш корхоналари ҳам кўпаймоқда. Бунинг натижасида атроф-муҳитга чиқаётган турли кўринишдаги чиқиндилар миқдори ҳам ортиб боряпти. Булар газ, суюқ, қаттиқ ҳолдаги чиқиндилар ҳисобланади. Булар йиллар давомида ҳавода, тупроқда сақланиб туради. Хусусан, қўрғошин, рух, мишяк, ваннадий, молибден, кадмий, симоб ва бошқа бир қатор кимёвий элементлар вақт ўтиши билан ўта заҳарли бирикмалар ҳолида тупроққа, сувда ёки ҳавога йиғилиб боради. Айни шу жиҳат эътиборга олинган ҳолда кейинги вақтларда экологик экспертиза хулосасини беришда маиший ва қурилиш чиқиндилари учун мўлжалланган ҳолатларга ҳам катта эътибор берилмоқда.

Саноат корхоналаридан чиқадиган чиқиндилар таркибидаги турли моддалар, асосан, олтингугурт оксидлари, азот оксидлари, углерод оксидлари, оғир металлардан - темир, қўрғошин, мис, кобальт, никел, кадмий, симоб тузлари ва бошқалар атмосфера ҳавосига, умуман, тириклик дунёсига ўз салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Шунинг учун саноат корхоналарига янги, замонавий, кам чиқиндили технологияларни олиб кириш ҳамда атроф-муҳитга чиқадиган чиқиндилар камайишига ҳаракат қилиб тоза экологик шароит яратиш мақсад қилинган. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сонли қарорига кўра, корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолашда жамоатчилик иштирокини таъминлашни йўлга қўйиш бўйича мажбурий талаблар белгилаб берилди. Шаффофликни таъминлаш мақсадида Давлат экология қўмитасининг электрон тизими ишга туширилди. Ариза ва атроф-муҳитга таъсирни белгиловчи барча ҳужжатлар шу тизимга жойлаштирилди.

Top