Ўзбекистон | 18:04 / 21.06.2019
15858
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги автомобилларнинг 70 фоизи газда ҳаракатланмоқда

Бугун, 21 июнь куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат экология қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

«Транспорт воситалари чиқинди газларининг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсири» мавзусидаги бу тадбирда қўмитанинг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Умиджон Абдужалилов қуйидаги маълумотларни берди: «2018 йилда автомобилларимиз томонидан 1,5 млн тонна ифлослантирувчи ва зарарли моддалар ажралиб чиққан. Атмосферага тарқалаётган бундай моддаларнинг 63 фоизи транспорт воситаларига, қолгани саноат ва бошқа омиллар ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли ҳам бу муаммога жиддий эътибор қаратилмоқда. Маълумки ёқилғи воситалари ичида экологик жиҳатдан энг кам зарарлиси метан гази ҳисобланади. Ҳозирги кунда бизда ҳаракатланаётган автомобилларнинг 70 фоизи айнан шу ёқилғига мослаштирилган. Бензиннинг ички ёнув двигатели орқали ёнишидан 200дан ортиқ моддалар ажралиб чиқса, уларнинг 6-7таси зарарли ва ифлослантирувчи ҳисобланади, газда эса бундай моддалар 3та.

Ўзбекистон 2030 йилгача ёқилғи ва автомобиллар бўйича «Евро 6» стандартига ўтиши керак. Ҳозир бензинимиз «Евро 2», автосаноатимиз «Евро 3», экспорт учун «Евро 5» стандартида ишламоқда. Лекин бу ҳам ҳамма автомобиллар учун эмас: масалан «Дамас» автомобили «Евро 0» стандартига тўғри келади. Аммо бу «Дамас»нинг ёмон автомобиль эканлигини англатмайди. «Дамас» оз ёқилғи сарфлайди ва табиийки кам миқдорда зарарли моддалар чиқаради».

Тадбирда иштирок ССВ бош токсикологи Абдуҳаким Саримсоқов бу моддаларнинг инсон саломатлигига таъсири ҳақида гапирди.

«Бу масалага ОАВ орқали халқимиз эътиборини қаратишимиз жуда муҳим. Чунки кўпчилик автомобиллар созлиги, ёқилғи сифатига эътибор бермай машина ҳайдайверади. Аслида носоз ва ҳавони ифлослантирувчи автомобиллар умуман йўлларимизда юрмаслиги керак.

Улардан ажралиб чиқаётган газлар жуда жиддий муаммолар туғдиради – онкологик касалликлар, оққон, ўпка касалликлари келиб чиқмоқда», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Мавзуга оид