19:02 / 16.04.2021
16522

Масъуллар авиачипта нархини белгилашда фуқароларимиз тушиб қолган танловсиз вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда — cенатор

Авиачипталар нархининг ҳаддан зиёд юқорилиги юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига сенатор сўрови юборилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов фуқароларнинг эътирозлари юзасидан «Тошкент–Олмаота» йўналиши бўйича авиачипталар ҳаддан зиёд юқори нархда сотилаётганлигини ўрганиб чиқиш ва натижаси юзасидан маълумотларни тақдим этиш бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шоҳрух Шораҳметовга сенатор сўрови юборди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган «Тошкент–Олмаота» йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи фақат бир тарафга 4 млн. 700 минг сўмни ташкил қилмоқда.

«Ҳолбуки, парвоз вақти 3 соат 40 дақиқадан иборат «Тошкент–Москва» йўналиши бўйича авиачипта нархи 4 млн. 200 минг сўм, «Тошкент–Рига» йўналиши бўйича 2 млн. 800 минг сўм (парвоз вақти – 5 соат 30 дақиқа), «Тошкент–Нью Йорк» йўналиши бўйича эса 6 млн. 500 минг сўм (парвоз вақти – 12 соат) этиб белгиланган. Самолётлар турлари эса деярли бир хил.

Кўриниб турибдики, парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган «Тошкент–Олмаота» йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи ундан бир неча соат кўп парвоз қилинадиган йўналишлар учун белгиланган нархлардан сезиларли даражада юқоридир. Ушбу тушунарсиз ҳолат фуқароларимиз учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда», – дейди сенатор.

У масъуллар нарх белгилашда фуқаролар тушиб қолган танловсиз, мураккаб вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда деб ҳисоблайди.

«Зотан, Қозоғистонга чегарадан пиёда ёки автотранспорт воситасида ўтишга қўшни давлат томонидан пандемия сабабли тақиқ қўйилган. Бизнинг масъулларимиз ана шундай шароитда фуқароларимиз мажбурлигидан ҳам қиммат нархда чипта сотиб олаверади, деган ишонч билан ўз юртдошларининг манфаатларига зид ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) қилмоқда.

Оқибатда ишлаш ёки бошқа мақсадларда қўшни Қозоғистонга кетаётганлар яна асоссиз ва ортиқча харажат қилишга мажбур бўлмоқда», дея қўшимча қилган сенатор.

Top