Олий Мажлис Сенатининг қирқ бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Сенаторлар кун тартибидаги масалалар муҳокамасидан аввал фуқароларнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни кўтарди.

Хусусан, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов қўмитага келиб тушган мурожаат асосида “Uzbekistan Airways” АЖга қарашли авиакассалар фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар сабаблари дастлабки тарзда ўрганилганини маълум қилди.

Унга кўра, авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолмоқда.

Таъкидланишича, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг 2015 йил 25 октябрдаги 75-сон буйруғи билан тасдиқланган йўриқноманинг эскиргани, ундаги тегишли нормаларнинг такомиллаштирилмагани фуқаролар учун ўринсиз, мантиқсиз тўсиқларни юзага келтирмоқда. Мазкур йўриқноманинг тегишли бандига мувофиқ, агар фуқаролар “Uzbekistan Airways”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлишса, улардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинмоқда. Паспортнинг асл нусхасини тақдим этмаган фуқароларга эса авиачипта сотилмаяпти.

Оқибатда бу ҳолат, айниқса, яқинлари бошқа вилоятларда яшаётганлар учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда ҳамда йўловчиларнинг ҳақли эътирозлари кундан кунга кўпаймоқда.

Ҳолбуки, “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятининг uzairways.com/uz сайти орқали онлайн тарзда фуқаролик паспортининг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда авиачиптани қонуний асосларда сотиб олиш имконияти мавжуд.

“Табиий савол туғилади: агар шундай имконият бўлса, нима учун “Uzbekistan Airways”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлган шахслардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинмоқда? Нима учун юқорида қайд этилган йўриқномага паспортнинг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган (паспорт нусхаси орқали) ҳолда авиачиптани сотиб олиш мумкинлиги тўғрисидаги қоида киритилмаган?

Зеро, авиакомпаниянинг веб-сайти ёки мобил иловаси орқали мустақил равишда зарур шахсий маълумотларини киритиб авиачипта сотиб олган фуқаро давлат чегарасини кесиб ўтишда ДХХ Чегара қўшинлари томонидан керакли база орқали текширилади ва маълумотлар нотўғри киритилгани аниқланган тақдирда, давлат чегарасини кесиб ўтишига рухсат берилмайди ва масъулият фуқаронинг ўзида қолади.