17:02 / 16.04.2021
4363

Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автомобилга бўлган талаб ўтган йилдагига нисбатан ўсгани маълум қилинди

 Жорий йил март ойида кўчмас мулкка бўлган талаб ўтган йилнинг мартига нисбатан 34,4 фоизга, автомобилга бўлган талаб 47,4 фоизга ўсди.

Март ойидаги таҳлиллар Ўзбекистонда аҳолининг кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларига бўлган талаби ўсишда давом этаётганини кўрсатди. Бу ҳақда Kun.uz’га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидов маълум қилди.

Кўчмас мулк бозорида талабнинг ўсиши

2021 йил март ойида кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони феврал ойи билан таққослаганда ўзгаришсиз қолди ва 20,2 минг донани ташкил қилди. Бу ўтган йил март ойидан 34,4 фоизга кўпдир.

Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши индекси

«Кўчмас мулк бозорининг 30 фоиздан кўпроғига эгалик қилувчи Тошкент шаҳрида олди-сотди шартномалари сони 6,17 мингни ташкил этиб, феврал ойига нисбатан 0,9 фоизга камайди.

2020 йил мос даври билан таққослаганда эса ўсиш 32,6 фоизни ташкил қилди. Бу ўз навбатида, кўчмас мулкка бўлган талаб ўзининг узоқ муддатли трендига қайтганидан далолат беради», деди марказ вакили.

Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонининг энг юқори ўсиш суръатлари Навоий (18 фоиз), Фарғона (10,7 фоиз), Жиззах (9,6 фоиз) вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (10,4 фоиз) кузатилди.

Бу кўрсаткич Сирдарё (8,6 фоиз), Тошкент (8,1 фоиз) ва Хоразм (8 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада камайди.

«Мамлакатимизда иқтисодий ўсишнинг аста-секин тикланаётгани ва кўчмас мулкка бўлган талабнинг ошиб бораётгани анъанавий равишда нархларни янада ошириш механизмига айланиши мумкин.

Бироқ ҳозирги кунда кўчмас мулк бозорини қўллаб-қувватлашга қодир бўлган чора-тадбирлардан бири жорий йилда давлат томонидан кенг кўламли уй-жой дастурини амалга ошириш бошланганидир. Бунинг учун йил охирига қадар 11,5 триллион сўм (1,1 миллиард доллар) йўналтирилади. Бу эса ўтган йилгидан 4 баробар кўпроқдир. Хусусан, жорий йилда 45 минг оилани арзон уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган», дея қайд этди Халилуллоҳ Ҳамидов.

Маълум қилинишича, арзон уй-жойларнинг кўпайиши ҳисобига урбанизация суръатларининг тезлашиши кутилмоқда.

Бу ишбилармонлик фаоллиги, талаб ва умуман одамларнинг турмуш даражаси яхшиланишини англатади.

Автомобил бозорида талабнинг ўсиши

Март ойида автомобил бозорида аҳоли талаби феврал ойига нисбатан 7,7 фоизга ошиб, қаторасига иккинчи ой барқарор ўсиш суръатларини кўрсатди.

Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши индекси

2020 йил март ойи билан таққослаганда автомобиллар савдоси ўсиши 47,4 фоизни ташкил қилди. Ўтган йил март ойида республика бўйича жорий этилган локдаун натижасида савдолар феврал ойига нисбатан 34,6 фоизга камайган.

 Халилуллоҳ Ҳамидовга кўра, ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси (31,5 фоиз), Хоразм (30,5 фоиз), Жиззах (23,5 фоиз) вилоятларида рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони юқори суръатларда ўсди.

 Бухоро (7,9 фоиз), Қашқадарё (7 фоиз) ва Андижон (4,3 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада камайиш кузатилди.

 Аввалроқ, феврал ойида кўчмас мулк савдосида ўсиш кузатилаётгани хабар қилинганди. Унда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони 2020 йил мос даврига нисбатан 19,7 фоизга ортгани билдирилган.

Top