15:17 / 21.04.2021
14262

Путин: «Россия энди 4 кун ичида вакцина ишлаб чиқишга тайёр туриши лозим»

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин бугун, 21 апрел куни мамлакат Федерал мажлисига йиллик мурожаат йўлламоқда

Ҳисоб бўйича 17-мурожаатда Россия раҳбари асосан мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, технологик ривожи ҳақида сўз юритмоқда. 

Владимир Путин аҳоли сонининг барқарор ўсиб бориши бўйича вазифа қўйди.

“Аҳоли сонининг барқарор ўсиб бориши таъминланиши керак, бунда 2030 йилга бориб мамлакатда ўртача ҳаёт кўриш давомийлиги 78 ёшни ташкил қилиши лозим”, деди у.

Путиннинг маълум қилишича, коронавирус устидан ҳали тўлалигича ғалаба қозонилмаган. “Коронавирус ҳали тўлалигича мағлуб этилгани йўқ, у тўғридан тўғри хавф бўлиб қоляпти”, деди Россия президенти.

Унинг қўшимча қилишича, жаҳон соғлиқни сақлаш тизими инқилоб ёқасида турибди. “Жаҳон соғлиқни сақлаш тизими ҳақиқий инқилоб ёқасида турибди, биз буни ўтказиб юборишимиз керак эмас. Россия технологияларни ишлаб чиқиши лозим, бу бизнинг вазифа”, деди у.

Владимир Путин Россия тўрт кун ичида вакциналар ишлаб чиқишга тайёр бўлиши лозимлигини ҳам маълум қилди. “Россия янги хавфли инфекция пайдо бўладиган бўлса, тўрт кун давомида тест тизимлари ва вакциналарни ишлаб чиқишга тайёр туриши лозим”, дея айтиб ўтди РФ президенти.

Бундан ташқари, Федерал мажлисга мурожаатда айтилишича, мамлакат олий таълим муассасаларида 45 мингта бюджет ўрни яратилади. “Россия олий таълим муассасаларида яна 45 мингта бюджет ўрни яратилади, уларнинг камида 70 фоизи ҳудудлар учун мўлжалланган бўлади”, дейди Путин.

Шунингдек, Россия раҳбари даромадини ривожланишга йўналтираётган компанияларни рағбатлантириб боришга чақирди. “Даромадини дивидендлар бўйича тўловларга эмас, балки ривожланишга йўналтираётган компанияларни рағбатлантириб борамиз”, деди у.

Top