18:05 / 21.04.2021
10289

«Ун биржага қайтиши учун махсус комиссия қарори бекор бўлиши керак» – товар-хом ашё биржаси масъули

2019 йил 15 октябрдан I навли уннинг очиқ биржа савдоси орқали сотилиши йўлга қўйилган эди. Бироқ Ўзбекистонда коронавирус пандемияси бошлангач, 2020 йил апрел ойида унни очиқ савдода сотиш тўхтатилди.

Ўтган йил апрел ойида коронавирус пандемияси бошлангач, унни очиқ савдода сотиш тўхтатилган эди. Ун биржадан нега олиб ташлангани ва қачон очиқ савдога қайтарилиши борасида Республика товар хом-ашё биржаси AЖ бошқарма бошлиғи Мансуржон Тўйчиев Kun.uz’га маълум қилди.

«Махсус комиссия қарори билан унни чекка ҳудудларга етказиб бериш мақсадида биржада сотиш тўхтатилган. Бу қарорда «локдаун» – йўллар ёпилган пайтда асосий озиқ-овқат маҳсулотларини аҳолига манзилли етказиб бериш мақсад қилинган эди. Унни очиқ биржа савдоларига қайтариш учун махсус комиссия қарори бекор бўлиши керак. Мана шу қарор ҳукумат томонидан қабул қилиниши билан ун бўйича шаффоф биржа савдоларини ташкиллаштириб беради»,- деди бошқарма бошлиғи.

Республика товар хом-ашё биржаси AЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Зулфиддин Камоловга кўра, унни биржага қайтариш борасида чоралар ўйланмоқда, бироқ ҳали аниқ муддат белгиланмаган. У бу ҳақда 20 апрел куни AОКAда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Хабарингиз бор, бизда биржада ун сотилишни бошлаган эди. Бу тизим ваколати вақтинчалик ҳокимликларга ўтказилган. Aҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, рўйхат асосида тўғридан тўғри сотиш механизми жорий қилинди. Унни очиқ биржа савдосига қайтариш масаласи тегишли ҳукумат идоралари томонидан кўриб чиқилмоқда. Бироқ, аниқ муддат белгиланмаган»,- деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 6 апрелдаги коронавирус пандемияси шароитида юзага келган вазиятни инобатга олиб, ун маҳсулотини барча ҳудудларга бир маромда етказиб беришни таъминлаш мақсадида, биржа савдоларисиз тўғридан тўғри шартномалар билан сотилиши белгиланганди.

«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Узоқов пандемия даврида компания таркибига кирувчи дон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан тўғри шартнома қилган ҳолда, тадбиркорлар ун харид қилиши мумкинлигини маълум қилганди.

Шунингдек, ўтган йил апрел ойида ун маҳсулотлари етказиб берилиши ҳамда нархларнинг шаклланиши солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қатъий назоратга олиниши хабар қилинган эди.

Top