10:33 / 22.04.2021
19491

«Ўзбекнефтгаз» АЁҚШларда сотилаётган сифатсиз бензин хорижда ишлаб чиқарилганини маълум қилди

“Ўзбекнефтгаз” нефт базаси ва айрим хусусий АЁҚШларда аҳолига сотилаётган автобензин ва дизел ёнилғиларининг сифатини ўрганди. 

“Ўзбекнефтгаз” матбуот хизматига кўра, ширкат тасарруфидаги “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилаётган автобензин ва дизел ёнилғилари истеъмолчиларга, шу жумладан, аҳоли эҳтиёжлари учун нефт базалари ҳамда хусусий автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари  (АЁҚШ) орқали сифат кўрсаткичлари амалдаги давлат андозалари талабларига мос равишда етказиб берилмоқда.

АЁҚШларда, шунингдек, тадбиркорлар томонидан республика ҳудудига чет давлатлардан импорт асосида олиб келинган автобензин ва дизел ёнилғиси ҳам сотилмоқда.

“Сўнгги пайтларда, автотранспорт бошқарувчилари томонидан автобензин ва дизел ёнилғисининг сифат кўрсаткичларини белгиланган талабларга жавоб бермаслиги тўғрисидаги мурожаатлар кўпайгани кузатилмоқда.

Республика истеъмолчиларини нефт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашнинг асосий қисми бевосита “Ўзбекнефтгаз” томонидан юритилаётганини инобатга олиб, юқоридаги ҳолатларни ўрганиш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” мутахассислари томонидан Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги айрим хусусий АЁҚШларда ва нефт базаларига қарашли бўлган АЁҚШларда аҳолига сотилаётган автобензин ва дизел ёнилғиларидан март-апрель ойларида амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига биноан намуналар олинди”, дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, олинган намуналар “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводининг аккредитациядан ўтган кимё назорати лабораториясида таҳлилдан ўтказилган.

Таҳлил натижаларига кўра, АЁҚШларда сотилаётган автобензин ва дизел ёнилғиси сифат кўрсаткичлари амалдаги меъёрий ҳужжатлар билан белгилаб берилган кўрсаткичлардан фарқ қилиши, яъни сифат кўрсаткичлари талабга жавоб бермаслиги аниқлангани айтилади.

“Ўзбекнефтгаз” аниқланган сифатсиз автобензин ва дизел ёнилғиси маҳсулотлари импорт асосида олиб келинаётган нефт маҳсулотлари жумласига кирганини, маълумот тариқасида мутасадди ташкилотлар ва истеъмолчилар эътиборига ҳавола қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди”, дейилади ширкат ахборотида.

Маълумот сўнгида  таъкидланишича, автобензин ва дизел ёнилғиси сифат кўрсаткичларининг талаб даражасида бўлмаслиги автотранспорт воситалари ва қишлоқ хўжалиги техника воситалари ҳолатига, атроф-муҳитга салбий таъсирни оширади.

Top