09:04 / 22.04.2021
1855

Хорижга чиқиш учун 1200 АҚШ доллар эвазига сохта ҳужжат тайёрлаб бермоқчи бўлган шахс ушланди

Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро бошқа бир фуқарога Россияга чиқиш учун 1200 доллар эвазига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб бераётганда қўлга олинган. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

25 ёшли И.С. Фарғона халқаро аэропорти олдида маҳаллий фуқаро билан учрашиб, унга ўзини сайёҳлик фирмаси ходими сифатида таништирган.

Унга Россияга кетишига ёрдам беришини айтган. И.С. фуқаронинг жўнаб кетишида зарур бўладиган авиачипта, муассасаларда даволаниш учун таклифнома ҳамда коронавирус касаллиги аниқланмагани тўғрисида ПЗР тест маълумотномасини тайёрлаб беришини айтган ва хизмати эвазига 1200 доллар сўраган.

И.С. ушбу фуқаро номига қалбаки равишда тайёрланган Россиянинг тиббий муассасаларида даволаниш учун таклифнома ва ПЗР тест маълумотномасини бериб, ундан 1100 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда И.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш)лари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Булоқбоши тумани солиқ бош инспектори фирибгарлик жинояти устида ушланганлиги ҳақида хабар қилган эдик.

Top