17:12 / 23.04.2021
5276

Самарқандда 16 ёшли қиз 40 ёшли эркакни 1500 долларга чув туширмоқчи бўлди

Самарқанд шаҳрида 16 ёшли қиз 40 ёшли эркакдан товламачилик йўли билан 1500 доллар олаётганда ушланган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 19 апрел куни вилоят ИИБ бошлиғи номига 40 ёшли У.Темур ариза билан мурожаат қилган. Унда, таниши 16 ёшли М.А. у билан «гаплашиб юрганини» оила аъзоларига айтиб, шарманда қилиш билан қўрқитиб, 1 500 АҚШ доллари талаб қилаётгани ҳақида маълум қилган.

Қайд этилишича, шу куни соат 21:30да М.А. 1 500 долларни товламачилик йўли билан У.Темурдан олаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ушланган. Тадбир давомида, М.А.дан махсус кимёвий ишлов берилган 1 500 доллар пул ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан вояга етмаган М.А.га нисбатан жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида яшовчи шахсга тегишли СМС хабарларни тарқатиб юбормаслик учун 14 миллион пул талаб қилган аёл ушланган. Шунингдек, Бирлашган Амир Амирлиги фуқаросидан унинг қўл телефонидаги шахсий видео ва фотосуратларини ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитиб 20 минг доллар талаб қилган аёл қўлга олинган.

Top