13:02 / 24.04.2021
9229

Аксилмонопол қўмита Тошкентдаги реклама объектларини тартибга келтиришда тарафларни қонунларга риоя қилишга чақирди

Тошкентда реклама билбордларига кенг миқёсли «снос» эълон қилиниши ортидан сўнгги ҳафталарда юзлаб ташқи реклама объектлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз бузиб ташланмоқда. Тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида» 104-сонли қарорига кўра, ҳокимликлар бу ишларни фақат суд тартибида амалга ошириш кераклигини айтмоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳрида ташқи реклама қурилмаларининг ҳокимликлар томонидан ҳеч қандай асос кўрсатмасдан бузиб юборилиши ҳолатлари юзасидан расмий баёнот берди.

Қўмитанинг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида» 104-сонли қарори асосида барча ҳудудларда, жумладан Тошкент шаҳридаги барча туман ҳокимликларининг қарорларига асосан ишчи гуруҳлар тузилган. Ишчи гуруҳ ўтказган хатлов натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган 6 630 та конструкциянинг 3 207 таси ёки 50 фоизга яқинида камчилик аниқланган.

«Тошкент шаҳрида жойлашган ва қарор талабларига номувофиқ деб топилган 3 207 та ташқи реклама объектларининг 1 459 таси йўл қатнов қисмида жойлашганлиги, 124 тасида оралиқ масофага риоя қилмаганлиги, 1 104 тасининг эгаси аниқланмаган ҳамда 520 тасида бошқа камчиликлар (автомобиль йўлларининг ажратувчи бўлагида, хусусан, йўлнинг ёнма-ён жойлашган қатнов қисмларини ажратувчи, транспорт воситалари ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган, йўл сатҳидан баланд ва (ёки) ётиқ чизиғи билан белгиланган қисмида ҳамда тротуар ва пиёдалар йўлкаларида, хавфсизлик оролчаларида жойлашган ва бошқалар) аниқланган» – дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz билан суҳбатлашган тадбиркорлар ҳокимиятлар томонидан тузилган ва ўрганиш олиб боргани айтилаётган ишчи гуруҳлар уларга конструкциялардаги камчиликлар ҳақида маълумот бермаганини таъкидлашган.

Шунингдек, қўмита баёнотида ташқи реклама объектларини босқичма-босқич юқори технологияли қурилмаларга (ЛEД экран) ўзгартириш кераклиги айтилган.

«Қарорга мувофиқ 2020 йил 31 декабрга қадар биринчи даражали марказий қатнов кўчаларида ҳамда 2021 йил 31 декабрга қадар иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида жойлаштирилган ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) юқори технологияли қурилмаларга босқичма-босқич ўзгартириш;

биринчи даражали марказий қатнов кўчаларида фақат видео экранли ва иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида аралаш турдаги юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилишини назарда тутиш.

Бунда биринчи ва иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун реклама жойлари паспорти мос равишда мазкур банднинг «в» кичик бандида кўрсатилган муддатларгача рухсат берилади ҳамда Ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун тўловлар миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловада кўрсатиб ўтилган бир марталик йиғим ундирилмайди.

Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) юқори технологияли қурилмаларга ўзгартириш ишлари белгиланган муддатларда бажарилмаган тақдирда, бундай қурилмалар уларнинг эгалари томонидан ўз кучи билан олиб ташланади (демонтаж қилинади) ва ер майдони тартибга келтирилади, акс ҳолда қурилмалар суд тартибида тегишли ҳокимлик томонидан демонтаж қилинади ва барча харажатлар реклама объектлари (конструкциялари) эгаларидан ундирилади».

Монополияга қарши курашиш агентлиги ва тадбиркорлар таъкидлаганидек, ташқи реклама объектлари ноқонуний деб топилган бўлса ҳам уларни бузиш масаласи суд тартибида ҳал этилиши керак эди. Лекин, тадбиркорларнинг мулклари ярим тунда, ноқонуний эканлигига ҳеч қандай ҳужжат ва асос келтирилмасдан туриб бузиб ташланмоқда.

Бундан ташқари, Монополияга қарши курашиш қўмитаси қарор билан тасдиқланган ташқи реклама объектларини қуриш тартиби тўғрисидаги Низом талабларига мувофиқ конструкцияларни тартибга солиш, уларга ер ажратиш қуриш ва ўрнатиш бўйича тегишли рухсатномалар бериш ҳамда ушбу ҳужжатларни бекор қилиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари ваколатли орган ҳисобланишини эслатган.

«Низомнинг 94-бандига асосан ташқи реклама объекти (конструкцияси) мазкур Низом талабларига мос келмаган ҳолда жойлаштирилган бўлса ёки ташқи реклама объектини (конструкциясини) мазкур Низом талабларига мослаштириш имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, ваколатли органнинг кўрсатмасига асосан қонун ҳужжатларига мувофиқ ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун аввал тузилган шартномалар, берилган паспортлар, гувоҳномалар, сертификатлар, рухсатномалар ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишли қарорларига асосан бекор қилиниши, ташқи реклама объекти (конструкцияси) эгаси қарордан рози бўлмаган тақдирда, судга шикоят қилиниши мумкинлиги;

96-бандига мувофиқ ушбу Низом талабларига жавоб бермайдиган ташқи реклама объекти (конструкцияси), шу жумладан қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда жойлаштирилган ташқи реклама паспорти, гувоҳнома, рухсатнома ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар бекор қилинган тақдирда ташқи реклама объекти (конструкцияси) қиймати қайтарилмаслиги белгиланган» – дейилади расмий баёнотда.

Лекин, тадбиркорлар айнан Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликлари ўзларига юклатилган ушбу вазифаларни бажаришмаётганини айтишган. Яъни тадбиркорларда оддий конструкцияли реклама объектлари ва уларнинг паспортлари мавжуд. Тадбиркорлар объектларини «Лэд экран»га алмаштириш учун, унинг паспортидаги рухсатни ҳам «Лэд экран»ли объектга алмаштириб беришини сўраб туман ҳокимиятга қилган мурожаатлари бесамар кетмоқда.

Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳрида ўрнатилган ташқи реклама объектларини тартибга келтириш жараёнида қатнашаётган барча иштирокчиларни қатъий равишда «Реклама тўғрисида»ги қонун ва «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида» 104-сонли қарори талабларига риоя қилишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда реклама билбордларига кенг миқёсли «снос» эълон қилиниши ортидан тадбиркорларнинг ташқи реклама объектлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз бузиб ташланаётгани ҳақида мақола эълон қилган эдик.

Мақолада пойтахтдаги ташқи реклама бизнеси эгаларининг ўзларига мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган, баҳоси 300 миллион сўмгача турадиган 200 дан ортиқ реклама конструкциялари номаълум сабабларга кўра бузиб ташланаётгани ёритилган.

Шунингдек, ушбу ҳаракатлардан жабр кўрган тадбиркорлар ўзларига тегишли ташқи реклама объектларини нега ноқонуний бузиб юборилмоқда деб ҳисоблашларини айтиб берган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳокимлик фақат ноқонуний ўрнатилган реклама қурилмаларини олиб ташлаш ўтган йилдан бошлангани ва бу тадбир ҳозир ҳам давом этаётгани, агарда тадбиркорларнинг қўлида ҳамма керакли хулоса ва ҳужжатлари бўла туриб, унинг мулки бузиб ташланаётган бўлса, у албатта ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиши мумкинлигини айтган.

Лекин, вазиятга изоҳ берган Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати бу ишлар Тошкент шаҳар ҳокими биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг туман ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ИИББга юборган хати асосида тартибда солинаётганини билдирган.

Тадбиркорлар айни вақтда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб, президент халқ қабулхонаси, Бош прокуратура, Омбудсман ва Бизнес омбудсман, Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаат қилишган.

Бизнес-омбудсман маҳаллий ҳокимият органлари ушбу ҳаракатларининг қонунийлигини Бизнес-омбудсман девони томонидан ўрганиб чиқилаётганини маълум қилган.

Kun.uz воқеалар ривожини ёритишда давом этади.

Top